21:04 / 11.03.2021
10985

Шавкат Мирзиёев: Сувдан фойдаланиш ва энергетика масалаларини ҳам батафсил муҳокама қилдик

Эндиликда Ўзбекистон ва Қирғизистон президентларига икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари бўйича ҳар ойда бир марта ҳисобот киритилади. Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев қирғиз ҳамкасби билан Тошкентда кечган тор доирадаги учрашувдан сўнг шундай баёнот берди.

Бугун, 11 март куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Ташриф доирасида Кўксаройда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан тор доирада музокаралар ўтказилди.

Шундан сўнг кенгайтирилган учрашув бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев ўз ҳамкасби билан барча масалаларни батафсил муҳокама қилганидан мамнун эканини билдирди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Энди ҳар ойда бир марта икки томонлама масалалар бўйича бевосита президентларга ҳисобот топширилади. Биз ниманидир келишган бўлсак, уни бажаришимиз, буни халқларимиз ҳис қилишлари керак. Энди икки томонлама айирбошлашни икки баробар ошириш устида ишлашимиз зарур. Биргина Ўш шаҳрида 50 дан ортиқ лойиҳалар устида иш олиб боришни режалаштирдик.

Сувдан фойдаланиш ва энергетика бўйича ҳам батафсил муҳокама қилдик ва энди бу масала мунтазам тарзда онлайн назоратда бўлади.

Шунингдек, чегара вилоятлар ҳокимлари доимий алоқада бўлишларига келишдик. Ўзбекистонда Қирғизистон, Қирғизистонда эса Ўзбекистон кунларини ўтказиш учун келишувларга эришдик.

Энг муҳими, ҳар бир масала бўйича Садир Нургожоевич билан ҳар бир масала, ҳар бир савол устида умумий фикрга келдик», – деди Мирзиёев.

Тадбирда сўз олган Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ўзбекистонга таклиф учун миннатдорчилик билдирди ва икки давлат азалдан дўстона алоқалар тарафдори бўлгани тўғрисида сўзлади.

«Икки томонлама алоқалар туфайли чегаралар делимитацияси бўйича ишладик ва 85 фоиз чегара ҳудудлари бўйича натижага эришдик ҳамда бу масалада ишларни давом эттирмоқдамиз.

Чегара масалаларидаги барча муаммоларни ҳал қилишда ўзаро ҳамфикрлигимиз қўл келишига ишонаман. Энг муҳими, бу масалада зиддиятлардан қочиш лозим», – таъкидлади Қирғиз Республикаси президенти.

Top