11:43 / 12.03.2021
7357

Ишга жалб қилинган маҳкумлар кийим-бош ва пойабзал билан тўлиқ таъминланмаган - Сенат

Парламент юқори палатасининг ўн учинчи ялпи мажлисида Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2020 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи муҳокама қилинди. 

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур масала юзасидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳисобот берди.

Таъкидланишича, омбудсман ва унинг жойлардаги вакили томонидан 7та асосий соҳа бўйича ишлар қилинган.

Шу билан бирга, вакилнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлашда ўтган йилдаги фаолиятига нисбатан ижобий ўзгаришларга эришилган бўлса-да, ҳисобот даврида 176та мурожаат қонун талабларига мувофиқ белгиланган тартибда аноним, деб топилган. Бироқ, мазкур мурожаатларда кўтарилган масалаларни вакил ташаббуси билан кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилмаган.

Шунингдек, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар натижасида тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ҳуқуқий тарғиботнинг самарали ташкил этилмагани оқибатида қамоқда сақлаш жойларида бир қатор камчиликлар ҳамда ўз ечимини кутаётган муаммолар аниқланди. Яъни:

  • жазони ижро этиш муассасаси ходимлари “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонундан тўлиқ хабардор эмаслиги;
  • ишлаб чиқаришда меҳнатга жалб қилинган маҳкумлар махсус кийим-бош, пойабзал, бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан тўлиқ таъминланмагани танқид қилинди.

Бундан ташқари, вакилнинг минтақавий вакиллари ўз фаолиятини тарғиб қилиш ишларини самарали йўлга қўймагани таъкидланди.

Мажлисда сенаторлар томонидан:

  • “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги ва “Болалар Омбудсмани тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларини ишлаб чиқиш;
  • жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари” тизимли йўлга қўйиш;
  • мурожаатлар билан ишлашда таҳлилларга асосланган ҳолда фуқаролар ҳуқуқлари бузилиши тўғрисида ахборотни шакллантиришнинг ягона мезонини ишлаб чиқиш, шунингдек, аноним мурожаатларни ҳам эътиборга олиш;
  • Конституциявий суд кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш ваколатидан фаол фойдаланиш тавсия этилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга:

  • бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида Бола ҳуқуқларини таъминлаш бўйича Ўзбекистон миллий стратегиясини йил якунига қадар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун Олий Мажлис палаталарига киритиш;
  • ваколатли орган томонидан болаларнинг давлат органлари ва мансабдор шахсларга қилган мурожаатлари тўлиқ кўриб чиқилишини таъминлаш ҳамда қаноатлантирилгани устидан доимий мониторинг юритиш тизимини жорий этиш;
  • ҳаракатларида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилгани аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома юбориш бўйича фаолиятини кучайтириш;
  • “Меҳрибонлик уйи” битирувчиларининг яшаш уйлари ҳамда доимий иш жойлари билан таъминланиши бўйича мунтазам мониторинг ўрнатиш борасида тавсиялар билдирилди.

Масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Top