15:35 / 13.03.2021
15356

Пўлат Бобожонов – Ўзбекистондаги жиноятчилик кўрсаткичи, халқаро рейтинг ва пандемия вақтида жазоланганлар ҳақида

 Кеча, 12 март куни Олий Мажлис Сенатининг 13-ялпи мажлисида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов тизимнинг ўтган йилдаги фаолияти бўйича ахборот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Вазир ахбороти давомида дастлаб Ўзбекистон ҳудудида ҳар 100 минг кишига тўғри келаётган жиноятчилик кўрсаткичи йилдан-йилга камайиб бораётганига урғу берди. Унга кўра, 2020 йил Ўзбекистонда ҳар 100 минг кишига 182та жиноят тўғри келган.

«Бу кўрсаткич 2017 йилда 229тани ташкил қилар эди», – деди Бобожонов.

Ички ишлар вазирига кўра, бу кўрсаткич МДҲ давлатларига нисбатан олганда ҳам анча кам.

«Ҳар 100 минг кишига тўғри келадиган жиноятчилик кўрсаткичини МДҲ давлатлари билан солиштириб кўрамиз.

Бу кўрсаткич Россия Федерациясида 1 минг 393та, Беларусда 1800та, Арманистонда 1813та, Қозоғистонда 748та, Қирғизистонда 737та ва Тожикистонда 284тани ташкил қилган.

Албатта, бу рақамлар билан мақтанмоқчи эмасмиз. Шунчаки, биз ҳар бир жиноятни фавқулодда ҳолат деб қабул қиляпмиз», – таъкидлади у.

Пўлат Бобожонов ўтган йили ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро индексларда Ўзбекистоннинг эгаллаган ўрнига ҳам тўхталди.

«2020 йил якуни бўйича Жаҳон ҳуқуқни баҳолаш ташкилотининг тартиб ва хавфсизлик индикатори бўйича Ўзбекистон 128 давлат ичида 0.90 балл билан дастлабки ўнталикда қайд этилган», – деди вазир.

Маълумот учун,  Жаҳон ҳуқуқни баҳолаш ташкилоти индикаторининг дастлабки ўнлиги қуйидагича тузилган:

Вазир 2020 йилда ички ишлар органларига олиб келиниб, маъмурий баённома тузилган фуқаролар сонини ҳам очиқлар экан, уларнинг аксарияти пандемия қоидаларини бузганлар эканлигини ҳам қўшимча қилди.

«2020 йилда жамоат жойларида бемақсад юрган, ҳуқуқбузарлик содир этган ва шахсини аниқлаш керак бўлган 3,5 млн.дан ортиқ шахслар ички ишлар органларига келтирилиб, улар билан суҳбат ва профилактик ишлар олиб борилган.

Шундан 1 млн. 600 мингдан зиёдига маъмурий баённомалар тузилган. Бунинг кўпчилиги ўтган йилги пандемия билан боғлиқ масалалар бўйича», – деди Бобожонов.

Top