19:02 / 15.03.2021
8989

Сурхондарёда 4 кун ичида уч кишининг ўлимига сабаб бўлган иккита йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди

Сурхондарё вилоятида тўрт кун ичида уч нафар инсон ўлимига сабаб бўлган иккита йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Уларнинг бири Бандихон туманида, иккинчиси Сариосиё туманида содир этилган.

Қайд этилишича, 10 март куни эрталаб соат 8:30 ларда Бандихон туманидан ўтувчи автомобил йўлининг 63-километрида ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. 1993 йилда туғилган «Cobalt» ҳайдовчиси Тошкент–Денов йўналишида ҳаракатланиб келаётиб, йўлнинг хавфли бурилиш қисмида олдинда ҳаракатланиб кетаётган автомобилни қувиб ўтмоқчи бўлган. Шу пайт қарама-қарши йўналишдан келиб қолган, 1995 йилда туғилган ҳайдовчи бошқарувидаги «Damas»га бориб урилган. Оқибатда икки нафар фуқаро вафот этган, яна бир нафар шахс шифохонага ётқизилган.

Иккинчи йўл-транспорт ҳодисаси 13 март куни соат 22:30 ларда содир бўлган. Бишкек–Душанбе–Термиз М41 халқаро автомобил йўлининг Сариосиё тумани Нилоба маҳалласидан ўтувчи 1456-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Маълум бўлишича, Сариосиё тумани Турмушобод маҳалласида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс отасига тегишли «Лада Гранта» автомашинасини туман ҳудудида бошқариб бораётиб, бошқарувни йўқотган ва йўл четига чиқиб кетиб, дарахтга урилган. Оқибатда ҳайдовчи вафот этган.

Таъкидланишича, йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган пайтда об-ҳаво ноқулай бўлиб, ёмғир ёғаётган бўлган. Бунинг устига, ҳайдовчи тезликни белгиланган меъёрдан ошириб юборган. Шу сабабли у бошқарувни йўқотиб, йўл четига чиқиб кетган.

Top