22:31 / 15.03.2021
6253

Халқаро истеъмолчилар ташкилоти президенти бир марта ишлатилган пластик идишлардан қайта фойдаланмасликка чақирди

Пластик материаллар кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Уларнинг аксарияти минглаб йилларда ҳам биологик йўл билан чиримайди, дейди Халқаро истеъмолчилар ташкилоти президенти Маримуту Надасун.

Фото: Depositphotos

15 март –  Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни. Ҳар йили турли шиорлар билан ўтказиладиган тадбирнинг бу галги мавзуси «Пластик моддалар билан ифлосланишга қарши курашиш» деб номланди.

Халқаро истеъмолчилар ташкилоти президенти доктор Маримуту Надасун Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига  йўллаган мурожаатида пластик моддаларнинг инсоният учун зарарли жиҳатлари ҳақида фикр билдирди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

«Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқлари кунига бағишланган тадбир жаҳоннинг 100дан ортиқ мамлакатида ўтказилади. Маълумотларга кўра, шу пайтгача бутун дунёда ишлаб чиқарилган пластик материалларнинг фақат 9 фоизигина қайта ишланган холос. Уларнинг аксарияти чиқинди жойлари ва атроф-муҳитга бориб тушмоқда.

Бир марта ишлатилган пластик идишлардан қайта фойдаланмасликка чақирамиз. Чунки пластик материаллар кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради. Уларнинг аксарияти биологик йўл билан чиримайди. Тадқиқотларга кўра, тупроқ ва сувни булғаётган пластик материаллар чириб битиши учун минглаб йиллар керак бўлади. Пластик чиқиндилар сув йўлларини тўсади ва табиий офатларни кучайтириши мумкин. Канализация ва сув йўлларига тиқилиб қолиши билан пашша ва ҳашаротлар урчишига замин яратиб бериши, безгак сингари сувда пайдо бўладиган касалликлар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

 Кўпинча делфинлар ва тошбақалар озиқ-овқат деб адаштиргани сабабли пластик халталар уларнинг организмига тушади. Пластик буюмларни тайёрлаш жараёнида қўшиладиган зарарли кимёвий моддалар ҳайвонлар ҳужайраларига ўтаётгани ва пировардида инсониятнинг озиқ-овқат занжирига тушаётганига оид исботлар бор.

Канцероген, яъни саратон касаллиги қўзғовчи ўта заҳарли пенополистирол маҳсулотлари организмга тушганда асаб тизими, ўпка ва репродуктив органларни заҳарлайди. Пластик чиқиндиларни ёқиш ҳавога зарарли газлар чиқишига сабаб бўлади», – деди халқаро ташкилот раҳбари.

Айтилишича, ҳозирда инсоният глобал пластик ифлосланиш инқирозига дуч келмоқда. Гарчи пластик кундалик ҳаётда жуда фойдали материал бўлса-да, пластмассаларнинг зарарли томонлари ҳам бисёр.

Масалан, ҳар йили 100 мингта денгиз сутэмизувчилари ва тошбақалари, 1 миллионта денгиз қушлари денгизнинг пластмасса билан ифлосланиши туфайли нобуд бўлади. Йилига тахминан 8 миллион тонна пластик дунё океанига тушади. Бир марта ишлатиладиган пластмассалар ҳар йили ишлаб чиқариладиган пластмассанинг 50 фоизини ташкил қилади. Ишлаб чиқарилган пластмассанинг 40 фоизи қадоқланади ва бир марта ишлатилгандан сўнг ташлаб юборилади.

Маримуту Надасун атроф-муҳитни пластик моддалар билан ифлосланиш муаммосига ечим бўла оладиган айрим омилларни санаган.

«Пластик моддалар билан ифлосланиш муаммосини ҳал этиш йўлида барча истеъмолчилар ташкилотларини чиқиндиларни бошқаришнинг қуйидаги айланма моделидан фойдаланишга чақирамиз:

  • товарларга ўрама кераклиги ёки керак эмаслигини пухта ўйлаб кўриш;
  • кераксиз ўрама материалдан воз кечиш;
  • пластик моддалар харид қилишни ва улардан фойдаланишни камайтириш;
  • қайта ишласа бўладиган шиша идишлардан фойдаланиш;
  • шикастланган буюмларни алмаштириш ўрнига уларни таъмирлаш;
  • бир марта ишлатилган пластик буюмларни қайта ишлатса бўладиган буюмлар билан алмаштириш», деди у.

Маълумот учун, бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни 1983 йил 15 мартдан буён, Ўзбекистонда эса 1996 йилдан бошлаб ҳар йили нишонлаб келинади. 

Мавзуга оид
Top