09:39 / 16.03.2021
12357

Мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантиришни ташкил этишнинг янги молиявий тизими ишлаб чиқилди

“Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, ҳужжат лойиҳаси давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни соғлом овқатлантиришни ташкил этиш ишларини янада такомиллаштириш, мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича ўтказиладиган танловларни ошкоралик, маблағлар иқтисодий самарали сарфланиши тамойиллари асосида ўтказиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларни овқатлантиришни ташкил этиш масалаларида муаммолар ечимини топиш, тизимда тарбияланувчиларни соғлом овқатлантириш даражасини кўтариш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда, мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантиришни ташкил этишнинг замонавий молиявий тизими яратишни таклиф этмоқда.

Мазкур таклиф этилаётган тизим қўйидагиларни таъминлайди:

  • маҳсулотлар сифати ва хавфсизлиги назоратини тартибга солиш;
  • харид қилиш нархларини барқарорлаштириш, хомашёлар қабул қилиш жараёнини сифатли назоратга олиш;
  • овқатлантиришни ташкил этиш жараёнига юқори малакали мутахассислар (инженер-технолог, шифокор-диетолог, ишлаб чиқариш назорати бўйича мутахассислар)ни жалб этиш;
  • ишлаб чиқаришни ташкил этишдаги кириб келаётган ва истеъмолга чиқарилаётган хомашё ва тайёр маҳсулотларнинг лаборатория усулларидан фойдаланган ҳолда тўлақонли назоратини олиб бориш;
  • болалар рационидан келиб чиққан ҳолда, танлаб олишга имконият берадиган кенг ассортиментда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш;
  • ишлаб чиқариш ва тайёр маҳсулотларни истеъмолчига етказиб бериш жараёни барча босқичларидаги йўқотишларни пасайтиришга (юқори даражада технологик жиҳозларни қўллаш, ишлаб чиқариш ҳисобини юритиш ва назорат қилишнинг янги замонавий тизимини жорий этиш билан) эришиш;
  • тайёр маҳсулотларнинг таннархи пасайиши, ишлаб чиқариш жараёнидаги сарф-харажатларнинг (электр энергияси сарфи, тайёр маҳсулот ҳисобида амортизация қисми, ишчи ходимлар сони) қисқариши.

Лойиҳа билан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июлдаги 626-сон қарори айрим бандларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Давлат мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этиш бўйича танлов ҳужжатлари тасдиқланмоқда.

Танлов жараёни янада шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида комиссия таркибига Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари киритилмоқда.

Шунингдек, қарор айрим бандларига янги таҳрирда қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, мактабгача таълим ташкилотларида овқатлантиришни ташкил этиш ва молиялаштириш жараёнида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, ҳисоб тизимини автоматлаштириш мақсадида, озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, харид қилиниши, кирим-чиқими ҳамда тарбияланувчилар учун белгиланган меъёрлар бажарилиши ҳисобини кунма-кун олиб борувчи онлайн калкулятор ягона автоматлаштирилган информацион тизимни Молия вазирлиги бюджет ташкилотлари томонидан бюджет ҳисоби ва ҳисоботи юритилишини комплекс автоматлаштириш учун мўлжалланган дастурий мажмуа - «UzASBO» базасида яратиш вазифалари қўйилмоқда.

Тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти ҳокимлигига Мактабгача таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда, вилоят айрим туманларида 2021-2022 йилларда мактабгача таълим ташкилотларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш бўйича танлов ўтказишга рухсат бериш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, давлат мактабгача таълим муассасаларида аутсорсинг усулида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга тегишли ўзгартиришлар киритилмоқда.

Комиссия аутсорсер фаолияти юзасидан алоҳида мониторинг олиб бориши, унинг фаолияти натижаларига кўра аутсорсерни “инсофли ижрочи” ёки “инсофсиз ижрочи” рўйхатига киритиши ҳамда мониторинг натижаларига кўра “инсофсиз ижрочи” рўйхатига киритилган аутсорсерлар билан шартномани бекор қилиши юзасидан қарор қабул қилишга, шартнома бекор қилинган танловда ғолибдан кейинги захирадагига ўтказиш ҳуқуқига эга экани тўғрисидаги қоида киритилмоқда.

Шунингдек, комиссияга аутсорсер томонидан киритилган лойиҳа таклифларга кўра, шароити талаб даражасида бўлган мактабгача таълим ташкилотларида таомлар тайёрлаш ва бошқа мактабгача таълим ташкилотларига тайёр таомлар етказишга рухсат бериш ваколати берилмоқда.

Top