08:44 / 16.03.2021
9177

Ўзбекистон ва Россия қўшма инвестиция лойиҳаларининг йирик тўплами устида иш олиб бораётгани маълум бўлди

Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Россияга ташрифи доирасида бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Россия ҳукумати раисининг ўринбосари А.Оверчук билан учрашди.

Учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий, инвестициявий, саноат, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашилди. Икки томонлама муносабатлар ривожининг юқори динамикаси ва икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик изчил мустаҳкамланаётгани таъкидланди.

Учрашув чоғида савдо–иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш борасида биргаликда олиб борилаётган ишларнинг истиқболлари ва жорий ҳолати кўриб чиқилди. Томонлар яқин келажакда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмини 10 млрд долларга етказиш мақсадида, уни ошириш бўйича биргаликда амалий чора-тадбирлар кўришга содиқлигини билдирди. Шу нуқтайи назардан икки мамлакат божхона органларининг икки давлат ҳудудлари орқали юк ташишни амалга оширишда божхона тартибини соддалаштиришга қаратилган муваффақиятли ҳамкорлиги қайд этилди.

Инвестициявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди, икки мамлакат ҳукуматлари томонидан қўшма инвестиция лойиҳаларининг йирик тўпламини жорий этиш устида иш олиб борилаётгани айтилди. Келишилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштириш мақсадида икки мамлакат тегишли вазирлик ва идоралари даражасида яқин ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Шунингдек, олдиндан режалаштирилган икки томонлама тадбирлар, жумладан, Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилиши ҳамда Тошкент шаҳрида “Иннопром. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги” халқаро саноат кўргазмасини ўтказиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг солиқ ва кадастр тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек стандартлаштириш соҳасида миллий қонунчиликни халқаро меъёрлар билан уйғунлаштиришга қаратилган қатор лойиҳаларни амалга ошириш учун Россия техник ёрдамини жалб этишга келишилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон – Россия кўп қиррали муносабатларини янада чуқурлаштириш ва ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга оид қатор келишувларга эришилди.

Top