12:52 / 17.03.2021
9376

Ангрендаги «снос»: Аҳоли компенсация пулини кутмоқда, уйлар ёнгинасида кўмир қазиляпти

Ангрен шаҳри «Чинобод» МФЙда «снос»га тушган аҳоли уйлари учун компенсация масаласи бир неча йилдирки ҳал этилмай келяпти. Мутасаддиларнинг аҳоли билан навбатдаги учрашувда берган ваъдалари ҳам ваъдалигича қолди.

«Чинобод» маҳалласидаги 100 дан ортиқ уй 2019 йил 7 мартдаги, «Ўзбеккўмир» АЖга доир президент қарорига асосан бузилишга тушган.

Уйлар ҳам ўша пайтда – бундан икки йил муқаддам баҳоланган. Мурожаатчилар уйлари таъмирталаб деб топилиб, паст нархда баҳоланганини айтмоқда. Орадан икки йил ўтяпти ҳамки, масала ижобий ечимини кутиб келмоқда.

Қонунчиликка кўра, мулк баҳолангач, режалар амалга ошмаса, орадан 6 ой ўтиб баҳолаш қайтадан ўтказилиши керак. Аҳоли ҳам шуни, уйлар қайтадан баҳолатилишини ва қонун доирасида иш тутилишини сўрамоқда.

«Бизга бошқа нарсанинг кераги йўқ. Бу ердан кўчиш борасида халқнинг ҳеч қандай эътирози йўқ. Фақат ҳисоб-китоб ишлари тўғри олиб борилса бас», дейди маҳалла фуқароларидан бири.

«Уйларимизни таъмирталаб деб топиб, баҳосини паст нархда белгилаб беришган»

Мурожаатчилардан бири – Баҳриддин Ёқубов муаммони мухтасар қилиб тушунтирди.

Баҳриддин Ёқубов

«Ҳар йили баҳордан қишгача «снос» муаммоси бўлиб келяпти. Президентнинг қарори чиққанидан кейин ҳаммамиз бу йил бузилса керак, деб ишондик. Шунга ҳам икки йил ўтиб кетди. Маҳалламиз вайронага айланиб бўлди. Битта уй бўлса, иккитаси бузилган.

Маҳалла йиғилиб, шаҳар ҳокими ва халқ қабулхонасига мурожаат қилдик, аммо ҳеч қандай натижа чиқмади. Молия вазирлиги, ундан олдин вилоят ҳокимига ҳам чиқилган. Ҳоким ўринбосарлари бир неча марта келиб кетишяпти. Ангрен кўмир кони раҳбариятидан ҳам вакиллар келиб, аҳоли билан суҳбатлар олиб борилган. Лекин натижа кўринмаяпти.

Масалан, ўзимнинг яшаб турган уйим – 6 сотих. Иккита кадастр ҳужжатимиз бор. Шунинг 3 сотихига 2019 йилда 123 млн сўм чиқариб берганди. Ўзимиз мустақил равишда баҳолатиб кўрганимизда эса 200 млн сўм ҳисоблаб беришди. Уйнинг асл баҳоси ҳам шундай бўлиши керак эди. Биз ҳам ортиқча пул талаб қилаётганимиз йўқ. Фақат қонун доирасида ишимизни ҳал бўлишини истаймиз, холос.

Мустақил баҳоловчи компанияни гаплашиб қўйганмиз. Улар ишни бошлаши учун тўлов пулини ё ҳокимият, ёки «Ўзбеккўмир» АЖ ўтказиб бериши керак. Улар пулни ўтказиб беришса, баҳоловчи компания келиб уйларимиз нархини чиқариб беришади. Ундан кейин қанча нарх чиқса, биз шунга рози бўлиб, кўчиб кетамиз», – дейди у.

Мурожаатчилар янги турар жой қуриш учун ажратиб берилган ерда ичимлик суви муаммо эканини ҳам айтишмоқда.

«Ўша бизга берилган «Соғлом» маҳалласида 500 тадан ортиқроқ хонадон бор. У жойга бориб маҳалла раислари билан гаплашиб кўрдик. Ҳокимият томонидан комиссия тузилди. Биргаликда жойига чиқиб, ўрганиб чиқдик. Аммо негадир ҳозиргача у ерга сув қувурлари тортилмаган.

Бу ерда ҳамма шароитимиз бор. Шундай яхши жойни ташлаб, суви, шароити йўқ жойга олиб боришяпти бизни. Ҳозирда бу ерда 87 та хонадон қолган. Баъзи одамлар уйларини бузиб олиб кетишди.

Тўғриси, кўпчилик чарчади. Ҳар йили уруш-жанжал, ҳар йили ҳисоб-китоб муаммоси. Ҳозирги кунга келиб бу ерда компенсация пулига норози бўлиб турган 87 та хонадон эгалари қолган. Мақсадимиз – уйларимизга қайтадан пул ҳисоблатиб, янги нархдаги тўловни қилишсин, биз розимиз», – дейди Баҳриддин Ёқубов.

«Ҳокимиятга бориб нотўғри баҳолаш бўлганини айтгандик, бизни қувиб чиқаришди»

Шу ерлик Урхия Аметова аввалбошидан аҳоли билан маслаҳатлашмасдан баҳолаш ишлари нотўғри олиб борилганини таъкидлайди.

Урхия Аметова

«Биз битта маҳаллада аҳил-иноқликда яшардик. Энди эса ҳамма ҳар томонга тарқалиб кетяпти. Биз нима хоҳлаймиз: биринчидан, меъёрида баҳолаш бўлсин, иккинчидан, агар уларга бизнинг жойимиз керак экан, олсин, аммо баҳолаш тўғри бўлсин ва аҳолига яхши жойдан ер беришсин.

Тўғри, бизга ер берилди. Лекин у ерда ҳеч қандай шароит йўқ. Сув, электр муаммо. Одамлар у ерда сув олиш учун қудуқлар қазишмоқда.

Ҳар йили шу аҳвол: тақдиримиз нима бўлади, деб иккиланамиз. Томорқалар ҳам экинсиз қолиб кетмоқда. Ким қиз чиқаради, ким ўғил уйлайди. Ҳаммаси тўхтаб қолган», дейди у.

Мурожаатчи маҳаллий ҳокимлик уларнинг арз-додига қулоқ солмаётганини ҳам таъкидлади.

«Ҳокимиятга бориб, баҳолаш нотўғри бўлганини айтгандик, бизни қувиб чиқаришди. Улар халқни эшитишмайди. Уларга ҳақиқатни, ўзингни ҳақлигингни гапирадиган бўлсанг, «қаерда ишлайсан?», «қаерда турасан», деб сўроқлай бошлайди. Раҳбар одам ундай бўлмаслиги керак-ку?! Уйимизнинг ўрни керак экан, марҳамат, пулини тўлаб, жой қилиб берсин.

Уйимизни баҳолашганида «молхона» деб ёзилган экан, бу уят эмасми? Таъмирталаб деб ёзишибди! Уйимиз таъмирталаб эмас. Баҳолатганида ҳам ўзларича нарх чиқармасдан, бизларга ҳам тушунтириш бериши керак эди?

Шу уйда 36 йилдан бери яшайман. Агар кўчиришмаса, яна 60 йил яшардим. Электр, томорқа, мол-ҳол – ҳаммаси бор. Уйимнинг нархини 176 миллион сўм чиқаришган. «Ўша суммага Тошкентнинг истаган жойидан уй олсангиз бўлади», деб қўйишади. Шу пулга Тошкентдан уй берадими?!» – дейди мурожаатчи Урхия Аметова.

«Эртагаёқ шу ерда штаб ташкил қиламиз»

Музаффар Сулкаев

Биз бўй кўрсатиб турган муаммога тушунтириш истаб, шаҳар мутасаддиларига юзландик. Ангрен шаҳар ҳокимининг молия ва иқтисодий камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Музаффар Сулкаев муаммо тез фурсатлар ичида ҳал бўлишини айтди.

«Маҳаллада 169 та хонадон бор. Ер давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиниши белгиланган. «Чинобод» МФЙдаги бу оилаларни Ангреннинг «Соғлом» маҳалласига кўчиришимиз керак. Қарор чиққанидан кейин ишларни бошлаб юбордик.

Биринчи қилган ишимиз – мустақил баҳоловчи томонидан фуқароларнинг уй-жойларини баҳолатиш ишлари бўлди. Унда 158 та уй-жой баҳоланган. Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида баҳоловчи ташкилотнинг хизмат ҳақи шаҳар ҳокимлиги томонидан тўлаб берилди. Шундан сўнг ҳокимиятнинг ҳисоб рақамига компенсация пуллари келиб туша бошлади.

Аҳоли билан бир неча марта тушунтириш ишларини олиб бордик. Ҳозирги кунда ўша 158 тадан 87 та хонадон эгалари маблағларини олмаган. Қолганлари пулни олиб, бошқа ҳудудларга кўчиб кетишди.

Муаммо шундаки, ҳозирда ана шу 87 та хонадон эгаси баҳоланган нархдан норози. Яъни уйларини мустақил баҳоловчи томонидан баҳоланган нархни кам деб, баҳолаш ишларини қайта олиб бориб, ўрнатилган тартибда маблағимизни беринг, деган талабни қўйишмоқда.

Бу бўйича бир неча бор мутасадди ташкилотлар билан гаплашдик. Бу муаммо бор. Буни бугуннинг ўзида раҳбарият билан гаплашиб, ижобий ҳал этамиз. Эртагаёқ шу ерда штаб ташкил қиламиз. Нима бўлганда ҳам халқимизни рози қилиб, ундан сўнг кўчириш ишларини олиб борамиз», – деди у.

Тўловлар борасида гапирар экан, шаҳар ҳокимининг 1-ўринбосари қайта баҳолатиш ўтказилишини ҳам билвосита таъкидлаб ўтди.

«Пулдаги фарқ бўйича буюртмачи билан гаплашдик, бир тўхтамга келиш арафасида турибмиз. Нима қарорга келганимиз ҳақида қўшимча ахборот берамиз.

Дастлабки ҳисоб-китоб бўйича 87 та хонадон эгалари учун ажратилган компенсация пуллари ҳисоб рақамимизда турибди. Аҳоли эса охирги баҳоланган вақтдан буён орадан икки йил ўтгани сабаб, энди қайтадан баҳолатиб, янги нархда тўлашимизни сўраяпти. Муаммо шунда.

«Ўзбеккўмир» АЖга компенсация тўлови учун қўшимча пул зарур бўлаётгани ҳақида айтилган. Ҳали охиригача бир тўхтамга келмадик. Сабаби, бунинг учун биз қайта баҳолаш ишларини амалга оширишимиз лозим. Ўшанда бизда қанақадир рақамлар пайдо бўлади, ўша рақамлар билан «Ўзбеккўмир» АЖга қўшимча ахборотни берамиз», – дейди Музаффар Сулкаев.

Ваъдалар ваъдалигича қолмоқда

Қарийб уч йилдан буён ўз ечимини кутаётган масала ҳал этилмаяпти. Ангрен шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари маҳаллада эртадан бошлаб штаб ташкил этилишини айтган эди, орадан бир ойдан ортиқ вақт ўтди ҳамки, ижобий янгилик йўқ.

Мақола тайёрланаётганда Музаффар Сулкаев узоғи билан 2 ҳафтада ҳамма муаммо ижобий томонга ҳал этилишини билдирган эди. Биз 4 февраль куни у ерга боргандик. Орадан шунча кун ўтди. Берилган ваъдалар ҳозирча ваъдалигича турибди.

Дарвоқе, биз маҳалла аҳолиси билан учрашиб, уларнинг фикрларини олиб қайтаётганимизда «Ўзбеккўмир» АЖ бош директори Владимир Кузнецов ҳам етиб келди.

У кишининг маҳаллий аҳоли билан қисқача суҳбатидан сўнг интервью беришни сўрадик. У гарчи буни истамаган бўлса-да, тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашиб, бу муаммога тез орада амалий ечим топилишига ваъда берганди.

Маҳалла фаоли Баҳриддин Ёқубовнинг айтишича, мухбирлар бориб келгандан сўнг расмийлар бир-икки марта аҳоли билан учрашган, лекин амалий ишларга ўтилмаган.

Kun.uz масала юзасидан Ангрен шаҳар ҳокимлиги ва «Ўзбеккўмир» АЖ раҳбариятидан амалий ҳаракатлар кутиб қолади.

Нарзулла Маҳамов,Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top