21:51 / 18.03.2021
4003

Европа дори воситалари агентлиги AstraZeneca вакцинасини хавфсиз деб эълон қилди

Аввалроқ қатор мамлакатлар эмланганларда тромбоз ҳосил бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги хабарлардан сўнг AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни қисман ёки тўлиқ тўхтатганди.

Фото: REUTERS/Yves Herman

Европа дори воситалари агентлиги Британия-Швеция компаниясининг коронавирусга қарши AstraZeneca вакцинаси хавфсиз деган хулосага келди. 

«Бу хавфсиз ва самарали вакцина. Ушбу препаратнинг самараси ва унинг коронавирусга қарши ҳимояси ундан фойдаланишда пайдо бўладиган эҳтимолий хатарларга нисбатан юқори», — деди агентлик ижрочи директори Эмер Кук.

Унинг таъкидлашича, ҳозирча эмлаш ва тромбоз ҳосил бўлиши орасидаги боғлиқликни бутунлай рад этиб бўлмайди. Агентлик ушбу препарат билан эмланганларда тромбоз пайдо бўлиши сабабларини ўрганишда давом этади.

Аввалроқ Европадаги 20 мамлакат AstraZeneca вакцинасидан фойдаланишни қисман ёки тўлиқ тўхтатганди. Бунга эмланганларда тромбоз ҳосил бўлиши сабаб бўлган.

Шу билан бирга, компания AstraZeneca вакцинаси хавфсиз эканлигини билдирган.

Top