10:26 / 19.03.2021
5530

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг асосий вазифалари маълум бўлди

Фото: Виталий Тимкив

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Миллий кенгаш томонидан қабул қилинадиган қарорлар барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.

Миллий кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларига, Олий Мажлис палаталари қарорларига, президент фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, низомга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Миллий кенгаш ўз фаолиятини давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.

Миллий кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;
  • коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва ҳамкорлигини таъминлаш;
  • коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида оммавий ахборот воситалари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва фуқароларнинг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш;
  • аҳоли ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш;
  • ёшларда коррупцияга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш мақсадида мактаблар, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фанлари ўтилишини ташкил этиш ва уни назорат қилиб бориш;
  • “Коррупциясиз соҳа” дастурини мунтазам тарзда жорий этиш ва соҳалар қамровини кенгайтириш;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви соҳаларида яширин иқтисодиётни қисқартириш чораларини кўриш ва уларни такомиллаштириш;
  • давлат органлари, корхоналар ва ҳудудларда коррупция ҳамда яширин иқтисодиётни баҳолаш, шунингдек рейтинги паст бўлган соҳалар ва ҳудудларнинг ташкилий чора-тадбирлар режаси ижросини назорат қилиш;
  • давлат харидларидан барча хабардор бўлиши мумкин бўлган очиқ ва шаффоф тизим ташкил этиш ҳамда кузатиб бориш;
  • инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда “Коррупцияга қарши экспертиза” ўтказиш тизими ишлаб чиқиш ва уни назорат қилиб бориш;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комлаенс-назорат”) ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш ишлари бўйича маърузалар тинглаш;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви соҳаларида замонавий усуллар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида коррупцияга қарши мониторинг олиб бориш ва уларнинг мазкур соҳадаги фаолияти бўйича рейтингини тузиш ишларини кузатиш;
  • давлат хизматига ҳалоллик стандарти ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш меъёрларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чоралар кўриш, шунингдек уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  • коррупция ҳолати, тенденциялари ва сабаблари ҳамда коррупцияга қарши чоралар кўриш самарадорлиги юзасидан социологик, илмий ва бошқа тадқиқотлар лойиҳалари юзасидан таклифлар бериш;
  • республикада коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишлар ҳолатини комплекс ўрганиш;
  • коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, улар оқибатларини, шунингдек уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлаш;
  • коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторинг амалга ошириш, ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмлар самарадорлигини баҳолаш;
  • коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлаш;
  • коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштириш;
  • қонун ҳужжатларига биноан бошқа вазифаларни амалга ошириш.
Top