13:25 / 24.03.2021
4286

Фарғона вилоятидаги секторлар фаолияти баҳоланди. Қўштепа биринчи, Қува охирги ўринда қайд этилди

Фарғонада сектор раҳбарларининг фаолият самарадорлигини ўрганиш ва уларни баҳолашнинг икки ойлик рейтинг тизими натижалари эълон қилинди. Қўштепа, Риштон ва Фарғона туманлари фаол. Қўқон шаҳри ҳамда Ўзбекистон, Қува туманларидаги айрим сектор раҳбарлари паст натижа қайд этган.  

Фото: KUN.UZ

Таъкидланишича, Президент кўрсатмасига биноан Фарғона вилоятида сектор раҳбарлари фаолиятини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган. Унга асосан сектор раҳбарларини ҳар ойда 13 та кўрсаткич (индикатор) асосида баҳолаб бориш йўлга қўйилган бўлиб, вилоятдаги 76 та сектор фаолияти жорий йилнинг январь—февраль ойлари бўйича баҳолаб чиқилган.

Бу ҳақда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Фарғона вилояти филиали Kun.uzга хабар бермоқда. 

Сектор раҳбарларининг фаолият самарадорлигини ўрганиш ва уларни баҳолашнинг икки ойлик рейтинг тизими натижасига кўра, 1-ўринни Қўштепа тумани 1-сектори (Новиков), 2-ўринни Риштон тумани 2-сектори (Турдалиев), 3-ўринни Фарғона тумани 2-сектори (Аҳроров), 4-ўринни Ёзёвон тумани 4-сектори (Охунов) ва 5-ўринни Сўх тумани 1-сектори (Сайидмусаев) эгаллади.

Қуйи ўринларни эгаллаган сектор раҳбарлари эса қуйидагилардир: 74-ўринда Қўқон шаҳар 4-сектори (Баратов), 75-ўринда Ўзбекистон тумани 3-сектори (Нажмиддинов), 76-ўринда Қува тумани 4-сектори (Алижонов).

Шунингдек, вилоят секторлар фаолиятидан қониқиш даражасини ўрганиш мақсадида 1 минг 41 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳар бир маҳалладан 5 нафардан аҳоли ўртасида ижтимоий сўровнома ўтказилган. Сўровнома натижасига кўра, 56,4 фоиз фуқаролар сектор раҳбарлари фаолиятидан қониқаётганлиги, 23,4 фоизи аҳоли секторлар фаолиятидан қониқмаслиги, 20,2 фоизи эса секторлар фаолияти ҳақида билмаслиги бўйича ўз фикрларини билдирган.

Top