10:43 / 24.03.2021
8368

Қаршида шаҳар ҳокими ўринбосари кўп йиллик дарахтларни тунда кестириб, экологияга зарар етказгани маълум бўлди

Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида кўп йиллик дарахтлар тунда кесиб кетилган. Маълум бўлишича, уларни Қарши шаҳри ҳокимининг ўринбосари назоратида шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари кесган. Бу ҳақда вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси хабар бермоқда.

Хабарда қайд этилишича, 15 март куни тунги соат 23:00 лар атрофида Қарши шаҳридаги Алишер Навоий истироҳат боғи ичидаги «Нуронийлар маскани»да шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармасининг бир гуруҳ ходимлари ушбу ҳудуддаги ҳар хил турдаги ва турли диаметрдаги кўп йиллик дарахтларни мотоарра ёрдамида кесган. Сўнг ободонлаштириш бошқармасига тегишли бўлган ТТЗ-80 русумли давлат рақами 727 GA 70 тракторининг 700 DA 70 ва 701 DA 70 тиркамаларига кесилган дарахтларни ортаётгани аниқланган. Ўшанда вилоят экология бошқармаси инспекторлари томонидан ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга тушунтириш ишлари олиб борилган ва қонуний чора кўрилгунга қадар улардан мотоарралар олиб қўйилган.

Маълум бўлишича, тушунтириш ишлари таъсир қилмаган ҳуқуқбузарлар – шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармасининг бир гуруҳ ходимлари 22 март куни тунги соат 00:10 лар атрофида Қарши шаҳридаги Алишер Навоий истироҳат боғи ичидаги «Нуронийлар маскани»да Қарши шаҳар ҳокими ўринбосарининг назорати остида ушбу ҳудуддаги ҳар хил турдаги ва турли диаметрдаги кўп йиллик дарахтларнинг қолганини ҳам мотоарра ёрдамида кесиб бўлаклаётгани аниқланган.

Вилоят экология бошқармаси инспекторлари томонидан юқорида келтирилган иккала ҳолат атрофлича ўрганилиб, мораторий даврида ҳам сақлаб қолишни имкони бўлмаган 14 дона кўп йиллик дарахтлар диаметрлари ўлчанганда табиатга ва ўсимлик дунёсига 58 миллион 677 минг сўм зарар етказилгани маълум бўлган.

Таъкидланишича, вилоят экология бошқармаси инспекторлари томонидан мазкур ҳолатлар бўйича ваколат доирасида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Kun.uz мухбирининг аниқлашича, истироҳат боғи ичидаги дарахтларни Қарши шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ғайрат Султонов кестирган. Мазкур иш юзасидан Ғайрат Султоновдан изоҳ олиш учун боғланишнинг иложи бўлмади.

P.S. Бугун Ўзбекистондаги исталган шаҳарнинг бир неча йил аввалги фотосуратлари билан бугунги ҳолати солиштириб кўрилса, уларда яшиллик камайиб бораётганига ва кўплаб дарахтлар кесилиб кетганига гувоҳ бўлиш мумкин. Шу жумладан, Қарши шаҳрида ҳам. Шаҳарнинг анча иссиқ минтақада жойлашгани инобатга олинса, бу ерда дарахт кесиш эмас, аксинча, кўпроқ дарахт экиш керак. Афсуски, буни масъул раҳбарлар тушуниб етмаяпти ва инобатга олмаяпти ҳамда турли қурилишлар учун дарахтларни ўзлари бош бўлиб, аёвсиз кестирмоқда.

Top