19:07 / 24.03.2021
13918

«Камчиликлар барча ҳудудларда бор» – президент ташрифлар вақтида секторлар раҳбарлари ишдан олиниши ҳақида

Президент Шавкат Мирзиёев «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари «бир марталик иш»га айланиб қолмаслиги, қилинган ҳар бир сўм инвестиция, одамларимизга уч баравар кўп фойда келтириши, уларнинг даромадини ошириши лозимлиги ҳақида гапирди.

«Афсуски, ҳамма раҳбарлар ҳам бу масалаларни тушуниб етмаяпти. Мисол учун, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятлари маҳаллаларидаги ҳақиқий ҳолат бунинг акси эканини кўрсатди. Шу сабабли, Фарғона ва Наманган шаҳарларининг 4та сектор раҳбари ишдан олинди. Тошкент вилояти ва Чирчиқ шаҳри сектор раҳбарларига вазиятни яхшилаш бўйича муддат берилди. Ўзгариш бўлмаса, уларга ҳам чора кўрилади. Лекин бу каби камчиликлар барча ҳудудларда мавжуд.

Ҳар бир ҳокимлик кенгаш билан бамаслаҳат ишлашни ўрганиши зарур. Шунда хато кам бўлади. 

Масалан, бугунги кунда республикада энг оғир аҳволга тушиб қолган 796та қишлоқ ва 188та шаҳар маҳаллалари мавжуд. Шунингдек, 137та маҳалладаги 431та икки қаватли уйлар авария ҳолатида.

Тушунинглар, маҳаллаларда инфраструктура кўнгилдагидек бўлмаса, свет, газ етказилмаса, инвестор бормайди у ерга.

Худди шу каби, 4 мингдан зиёд маҳалланинг электр таъминоти қониқарсиз аҳволда. Шу сабабли, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари, мутлақо янги ёндашувлар асосида шакллантирилди.

Топшириғимга кўра, 206та туман ва шаҳар ҳокимлари, йўл, электр, коммунал хизмат ва тадбиркорликка масъул раҳбарлар билан бирма-бир гаплашилиб, қишлоқ ва маҳалла аҳолиси билан маслаҳат қилиниб, 8 мингта маҳаллада бажарилиши лозим бўлган аниқ ишлар белгилаб олинди», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

  • Эслатиб ўтамиз, президент феврал ойида Фарғона ва Наманган вилоятларига ташрифлари вақтида маҳаллалардаги ҳолат қониқарсизлиги туфайли Фарғона ва Наманган шаҳарлари «тўртлик»ларини ишдан олган, шунингдек, Фарғона вилоятининг тўрт туманида, Наманган вилоятининг Уйчи туманида раҳбарлар алмашган.
Top