19:51 / 27.03.2021
22375

Баҳром Абдуҳалимов — илмдан сиёсатга, президентликка номзодлик ва партия раҳбариятидаги ўзгариш ҳақида

Шу йил 24 октябрь – Ўзбекистон президентлигига сайлов куни. Сиёсий партиялар жараёнга тайёрланмоқда. Уларнинг айримларида раҳбарлар алмашди.

Kun.uz президентликка номзоди кўрсатилиши мумкин бўлган сиёсатчилар билан интервьюлар ташкил этишга қарор қилди. Дастлабки суҳбатдошимиз – «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси, тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимов.

Дунё ва ҳатто ўзбек медиаси учун ҳам янги юз бўлган Баҳром Абдуҳалимов суҳбат давомида ўзининг сиёсатга кириб келиши, президентликка номзод бўлиши эҳтимоли, Шавкат Мирзиёевнинг алифбо масаласида унга берган саволи ва янги партиялар борасидаги саволларга жавоб берди.

— «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раислигига сайланганингизга ҳали кўп вақт бўлмади. Тўғриси, шу тайинловга қадар сизни кўпчилик танимасди. Сиз кўпроқ илмий давраларда танилган инсонсиз. Хўш, олим сиёсатга қандай кириб келди?

— Мен ростан ҳам кўпроқ илм соҳаси вакилиман. Фанлар академияси тизимида 30 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб келяпман. Орада бошқа соҳаларга ҳам ўтиб ишладим. Жумладан, Тошкентдаги Вестминстер университетида проректор вазифасида ишладим.

Бундан ташқари, Фанлар академияси ҳузуридаги Шарқшунослик институтида аспирант даражасидан директорликкача кўтарилдим. Шунингдек, [2011 йилдан буён] Фанлар академиясининг гуманитар фанлар бўйича вице-президенти сифатида гуманитар йўналишдаги илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш билан шуғулланаман.

Лекин албатта, илм бошқа нарса, сиёсат бошқа. Сиёсий партияга раҳбар бўлиб тайинланишим партияга янада кўпроқ вақт ажратишимни тақозо қиляпти.

— Ўз вақтида биринчи президентга маслаҳатчи бўлиб ҳам ишлагансиз.

— Ҳақиқатан ҳам, икки йил давомида Ўзбекистоннинг биринчи президентига диний масалалар ва миллатлараро муносабатлар бўйича маслаҳатчилик қилдим.

Диний масалалар ва миллатлараро муносабатларнинг ўзи сиёсат. Шу нуқтайи назардан, бу вазифа мен учун катта мактаб бўлди.

— Демократик давлатларда сиёсий партиялар сайловларга йиллар давомида тайёргарлик кўради. Аммо партияда сизни сайловга жуда оз вақт қолганда Наримон Умаров билан алмаштиришди. Бу турли фикрларни уйғотди.

— Тўғри айтдингиз, кўплаб давлатларда партиялар сайловларга узоқ вақт ва жиддий тайёргарлик кўришади. Лекин партия раҳбариятида қилинган ўзгаришлар «Адолат»нинг сайловларга 2021 йилдагина тайёргарлик бошлаганини билдирмайди.

«Адолат» СДП 2016 йилги президентлик сайловларидан кейиноқ янги сайловларга тайёргарликни бошлаган.

Алмаштириш масаласига келсак, мен ҳам партияда янги одам эмасман. Унинг фаолиятида, социал демократия ғояларини амалга оширишда кўп йиллардан буён иштирок этиб келаман.

Менинг раҳбарликка қўйилишим ҳам демократиянинг бир элементи. Охирги сайловларда кўпчилик овоз бердики, мен сайландим. Демак, буни партия аъзоларининг хоҳиши деб баҳоласак, тўғрироқ бўлса керак.

— Сиз ҳозир ҳам бирданига учта лавозимда фаолият юритиб келяпсиз: Фанлар академияси вице-президенти, Шарқшунослик институти директори ва партия раҳбарлиги. Нима деб ўйлайсиз, шунча вазифа сизга сиёсатда ишлаш учун халақит бермайдими? Бу – партия сайловларга тўла куч билан кирмаётгандек таассурот уйғотади.

«Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов

— Суҳбатнинг бошида ҳам айтганимдек, ҳозир мен учун сиёсат, партиянинг сайловлардаги иштироки биринчи ўринда.

Мен 30 йил давомида Фанлар академиясида фаолият кўрсатиб келяпман. Шарқшунослик институтидаги фаолиятим эса жамоатчилик асосида.

Ўйлайманки, яқин кунларда бу масалаларнинг ҳам ечимини ҳал қиламиз. Ўзимда ҳам бу фикр бор.

Яна бир нарсани айтиш керакки, менинг сиёсатга киришим олимнинг сиёсатга кириши бўлди. Бу эса «Адолат» СДПда илмга бўлган муносабатни ҳам кўрсатади.

Ўйлашимча, олимнинг сиёсатга кириши янги фикр, янги штрихларни ҳам олиб келади. Шунинг учун бир фаолиятни иккинчисига қарши қўйиш тўғри эмас, деб ҳисоблайман.

— Баҳром Абдураҳимович, тўғри, ҳали партиялар президентликка номзод кўрсатгани йўқ, буни қоида бўйича уларнинг қурултойи ҳал қилади, дейилади. Лекин партия сиёсий кенгаши раиси сифатида партиядан президентликка кўрсатиладиган асосий номзод сизсиз.

Айтинг-чи, кўп йиллар илм билан шуғулланган кишининг бирданига сиёсатга кириши ва президентликка номзоди қўйилиши қанчалик тўғри бўлади? Сиёсатдаги тажрибасизлик сизга панд бермайдими? Бундан қўрқмаяпсизми?

— Қўрқиш сўзи бу ерда ортиқча гап. Агар қўрққанимда бу вазифага бошидан розилик бермаган бўлардим.

Тажрибасизлик бу табиий масала. Ҳеч ким тажриба билан дунёга келмаса керак.

Ўтган даврда ўзимиздаги ва дунёдаги кўплаб тажрибаларни ўзлаштириб боряпман. Партия анъаналарини келгусида ҳам сусайтирмасликка ҳаракат қиламан.

— Сизни биринчи бор президент Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказида ўтказган йиғилишда кўргандим. Ўша йиғилишда президент сизга бир савол берди: «Баҳром, сен ҳам бир пайтлар тил масаласида ишлаган комиссияда бўлгансан. Айт-чи, биз қайси ёзувдан фойдаланганимиз маъқул?»

Сиз эса бу саволдан бироз шошиб қолдингиз ва: «Ҳозир хорижий тилларга эътибор ошяпти, биз арабчадаям гаплашаверамиз», дедингиз. Катта бир партия раиси сифатида бу жавобингизни қандай тушунсак бўлади?

— Очиғини айтишим керак, ўша кунги савол мен учун кутилмаган бўлди. Давлатимиз раҳбарининг саволи биз лотин графикасига ўтяпмиз, кирилл ёзувида ўқиганларнинг тақдири нима бўлади, деган мазмунда эди. Мен буни англаб етолмадим. Шошиб қолганимнинг сабаби, мен гап кўп тилликлар ҳақида кетяпти, деб ўйладим.

Биласиз, Ўзбекистон ҳудудига ислом кириб келгач, араб ёзуви оммалашган. Кейин бироз муддат лотин, сўнг кирилл ёзувига ўтилди, мустақилликдан кейин лотин ёзувига қайтдик. Демоқчиманки, ҳар бир тил ва ёзув алмашиши халқларга осон бўлмайди.

Ўша куни шошиб қолганим рост, лекин бу саволга ҳозир жавоб бериш керак бўлса, лотин ёзувига ўтишимиз масаласи бу муқаррар. Чунки бир авлод лотин ёзувида ўқиди.

Бунга қаршилар ҳам ҳар доим бўлади. Қайтараман, бу ёзувга тезроқ ўтиш керак. У кирилл ёзувида ўқиганларга ҳам қийинчилик туғдирмайди.

— «Адолат» СДП даъво қиладиган асосий электорат – юқори малакали ишчилар, яъни шифокорлар, ўқитувчилар, бюджет ходимлари, ҳокимият вакиллари бўлиб келган. Айтинг-чи, партия яқинлашаётган президентлик сайловида уларнинг қўлловини олишга тўла ишонадими? Партияга ўз электоратининг ишончи қанчалик?

— 100 фоиз масаласи сайловларда жуда оғир масала. Ўйлашимча, электоратнинг катта қисми бизни қўллаб-қувватласа керак.

Биласиз, партиямизнинг ўзига хос ва муҳим ғоялари бор. Ўйлаймизки, биз кўпчиликнинг қўллаб-қувватлашига албатта эришамиз.

— Тан олиш керак, Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин кўп йиллар сайловлар адолатли ўтмади. Нима деб ўйлайсиз, яқинлашаётган сайлов аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади?

— 2019 йилда парламент ва маҳаллий кенгашларга ўтган сайловлар Янги Ўзбекистон – Янги сайловлар шиори остида ўтди. Янги Ўзбекистон дегани аввалгиси билан ҳамма жиҳатларда фарқ қилади. Мен унинг битта, иккита, учта мисолларини ҳам санаб ўтишим мумкин.

Сиз мисол берган 27 йиллик даврдаги сайловлардан ҳозирги сайловлар тўла-тўкис фарқ қилади. Масалан, ҳозирги халқ умуман бошқа халқ. Ўзбек халқи кечаги халқ эмас.

Суҳбатимиздан ҳам маълумки, 10 йил олдин бу каби интервьюлар қилолмасдик. Сабабларини ўзингиз биласиз.

Ҳозирги одамлар аввалгидек, сайлов қутисига нима бўлса ҳам қоғозни ташлаб келмайди. Улар номзодларнинг ишини, нимага эришаётганини таҳлил қилади.

Бундан ташқари, сайловларнинг механизми, уларни ўтказиш жараёнлари ҳам ўзгарди. Масалан, авваллари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти биздаги сайловларни тўла-тўкис инкор қилган ҳолатлари ҳам бўлган.

Ўйлайманки, бу сайловларда улар тўлиқ таркиб билан келиб, сайловларни кузатишади.

— «Адолат» СДП бу сайловларга тўртта мавжуд сиёсий партияга қарши тайёргарлик кўряпти. Бундан ташқари, сайловга янги сиёсий кучлар, янги партиялар қўшиладиган бўлса, улар билан рақобатга қанчалик тайёр? Буни ҳам ҳисобга олганмисизлар?

— Албатта. Конституциямизда бу масалалар ҳам белгилаб берилган. Ким талабларга жавоб берса, сайловларда иштирок этиши мумкин. Партияларни шакллантириши мумкин. Улар пайдо бўлиши мумкин. Биз ҳозир, шу кеча-кундузда мавжуд партияларга нисбатан ўз стратегиямизни белгилаб олганмиз. Агар янгиси пайдо бўладиган бўлса, унинг моҳияти, имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, уларга ҳам стратегия белгилаймиз.

Назаримда, партиямиз – салоҳияти нуқтайи назаридан энг муҳим партиялардан бири. Янги партиялар ташкил бўлиб қолса, «Адолат»нинг улар билан курашишга потенциали етарли.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Top