20:21 / 01.04.2021
13845

Биргина Жондор тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи 1 миллиард сўмдан ортиқ ноқонуний харажатларга йўл қўйган — президент

1 апрель куни тиббиёт мавзусида навбатдаги селектор бўлиб ўтди. Унда президент Шавкат Мирзиёев соҳадаги коррупция ҳақида тўхталди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Соҳада ҳалигача коррупция иллатига барҳам берилмаяпти. Биргина Онкология марказининг Тошкент шаҳар филиалида 828 миллион сўм, Тошкент педиатрия институти клиникаси мансабдорлари 423 миллион сўм маблағларни ўзлаштириб юборган.

Шунингдек, Жондор тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи 1 миллиард сўмдан ортиқ ноқонуний сарф-харажатларга йўл қўйган.

Бундай мисолларни ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар кесимида кўплаб келтириш мумкин.

Шунинг учун, соҳада қонун устувор ва жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Валиев таъсирчан назорат тизимини ўрнатишга масъул бўлади.

[Ҳисоб палатаси раисининг 1-ўринбосари] Туробов, [Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси] Шораҳметов икки ой муддатда ажратилаётган маблағлар жойларга манзилли етиб бориши, дори-дармон, тиббиёт ускуналари очиқ-ошкора сотиб олиниши, тақсимланиши, пуллик хизматлардан тушумлар мақсадли ишлатилишини таъминлайдиган механизмларни жорий қилиши зарур.

Валиевга топшириқ, албатта, тиббиёт тизимида коррупцияни ҳозирча бутунлай йўқ қилиб бўлмайди. Лекин камайтириш, профилактикаси бўйича таклифлар беринг.

Чунки тиббиётга ажратилган пуллар бу халқнинг пули», – деди президент.

Top