14:05 / 03.04.2021
1515

Алиментни ўз вақтида тўламаган андижонлик икки нафар отага қамоқ жазоси тайинланди

Андижон вилояти Избоскан туманидаги икки нафар отага фарзанди учун тўланиши керак бўлган алиментни ўз вақтида тўламагани учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда вилоят МИБ хабар бермоқда.

Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор С.А ҳисобидан ундирувчи Х.У фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик топган даромадининг 1/4 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.

Фуқаро С.А.нинг вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан қасддан бўйин товлаб келиши 17 млн. 178 минг сўм алиментдан қарздорлик йиғилишига сабаб бўлган.

Шунингдек, суднинг қарорига асосан Т.А вояга етмаган икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ундирувчи И.Н.га шу кунга қадар 19 млн. сўм миқдордаги алимент пулларини тўламасдан келган. 

Шу каби, фуқаро Т.Л эса вояга етмаган икки нафар фарзандининг моддий таъминотидан қасддан бўйин товлаб, жами 13 млн. 139 минг сўм миқдордаги алимент пулларини тўламасдан келган.

Жиноят ишлари бўйича Избоскан туман суди томонидан юқоридаги масъулиятсиз оталар Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг 47-4-моддаси билан жавобгарликка тортилиб, суд қарори билан уларга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Top