13:56 / 05.04.2021
3219

«Ўзмиллийбанк» АЖ: Соғлиқни сақлаш, туризм ва енгил саноат – банкнинг Бухородаги ташаббуслари ҳақида

Бухорода «Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки» акциядорлик жамияти фаолияти билан яқиндан таништириш, ОАВ вакиллари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Журналистлар «Ўзмиллийбанк» АЖ тасарруфидаги Банк хизматларини кўрсатиш маркази ҳамда банк томонидан молиялаштирилган лойиҳалар билан танишди.

«Diyor Cinema» кинотеатри «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан ажратилган 3,5 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағи эвазига ишга туширилган. Жумладан, кинотеатр биноси учун керакли асбоб-ускуналар харид қилиниб жорий таъмирдан чиқарилган. Натижада ҳар бири 50 та ўринли 2 та кинозал ишга туширилган. Уларнинг бири 3D форматидаги фильмлар учун мўлжалланган кинозалдир.

Пресс-тур иштирокчилари Бухоро шаҳридаги «CARMEN PLUS» МЧЖда бўлишди. Таъкидлаш керакки, мазкур клиника замонавий диагностика ва терапевтик ресурсларга, кенг тиббий хизмат турларига бой, ўз ишининг малакали мутахассислари фаолият олиб борадиган юқори технологик хизматларга эга тиббиёт маркази ҳисобланади. Мазкур клиникада неврология, урология, оториноларингология, стоматология, кардиохирургия ва бошқа кўплаб йўналишлардаги 100 га яқин малакали мутахассислар фаолият юритади.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан ажратилган 2 миллион 533 минг евро миқдоридаги пул маблағлари эвазига Германия, Голландия, АҚШ ва Хитой каби мамлакатлардан МРТ, МСКТ, рақамли рентген, рақамли УЗИ аппарати ҳамда ангиограф каби тиббий ускуналар сотиб олинган.

Банк томонидан енгил саноат соҳасидаги қатор истиқболли лойиҳалар ҳам молиялаштирилиб келинмоқда.

«Kogon Tex» масъулияти чекланган жамияти ҳам «Ўзмиллийбанк» АЖ билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Мазкур корхонага ажратилган 2 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдоридаги кредит маблағлари эвазига Хитой давлатидан ип-калава ишлаб чиқариш ускунаси сотиб олинган. Корхона йиллик 3,5 минг тонна ип-калавани қайта ишлаш қувватига эга. «Kogon Tex» корхонасининг экспорт географияси йилдан йилга кенгаймоқда. Россия, Украина, Қозоғистонга маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Бугунги кунда Польша ва Хитой давлатлари билан экспорт шартномаларини имзолаш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари Вобкент туманидаги Банк хизматлари кўрсатиш маркази фаолияти билан танишишди.

Таъкидлаш керакки, республикамизнинг аҳолига қулай бўлган ҳудудларида ихчам банк хизматлари марказлари ташкил этилмоқда. Янгидан ташкил этилган банк хизматлари марказлари ходимлари томонидан мижозлар ва аҳолига барча турдаги банк хизматларини, шу жумладан, кредитлар ажратиш, ҳисобрақамларга хизмат кўрсатиш, юридик шахсларга «I-Bank» дастури ва жисмоний шахсларга «Milliy» мобил иловаси орқали масофадан туриб тўловларни амалга ошириш, онлайн конвертация қилиш амалиётлари сифатли кўрсатилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда туризм, ҳар қайси мамлакат иқтисодиётига сезиларли таъсир кўрсатадиган соҳа ҳисобланади. Юртимизда ҳам ҳудудларнинг улкан сайёҳлик салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, туризм индустриясини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, туризм бўйича Ўзбекистоннинг ижобий имижини яратиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу жумладан, «Ўзмиллийбанк» АЖ томонидан туризм соҳаси ривожига улкан ҳисса қўшувчи қатор истиқболли лойиҳалар молиялаштирилмоқда.

Жумладан, банк томонидан кўрсатилган 10 миллиард сўм миқдоридаги молиявий кўмак ёрдамида «MUXABBAT XAYRI SAXOVAT» МЧЖ томонидан «Poykent Bukhara» бренди остида фаолият юритувчи меҳмонхоналар тармоғи ташкил этилди.

Меҳмонхоналар вилоятнинг энг машҳур зиёратгоҳларидан бири бўлган «Етти пир зиёратгоҳлари» йўналиши, яъни Шофиркон тумани «Хожа Ориф Моҳитабон зиёратгоҳи», Вобкент тумани «Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳи», Когон тумани «Ҳазрати Миркулол зиёратгоҳи», Когон тумани «Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбандий зиёратгоҳи» ҳудудларида ташкил этилган.

«Ўзмиллийбанк» АЖ Матбуот хизмати

Top