10:53 / 06.04.2021
4789

Абдулла Арипов Тошкентдаги халқаро саноат кўргазмаси қатнашчилари билан учрашув ўтказди

Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов 5 апрел куни Тошкент шаҳрида бошланган «Иннопром. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги» халқаро саноат кўргазмасига ташриф буюрган хорижий мамлакатлар делегациялари раҳбарларини қабул қилди.

Учрашувда Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Д.Мантуров, Евроосиё иқтисодий комиссияси саноат ва агросаноат мажмуаси бўйича вазири – коллегия аъзоси А.Камалян, Беларус Республикаси саноат вазири П.Пархомчик, Қирғиз Республикаси энергетика ва саноат вазири К.Турдубаев, Тожикистон Республикаси саноат вазири Ш. Кабиров, Қозоғистон Республикаси индустрия ва инфратизимни ривожлантириш вазири ўринбосари А.Ержанов, Озарбойжон мудофаа саноати вазири ўринбосари Меҳман Бахишов иштирок этди.

Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Д.Мантуровга «Иннопром» саноат ҳафталигини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини илгари сургани, бошқа делегациялар раҳбарларига эса кўргазма доирасидаги тадбирлардаги иштироки учун давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг самимий миннатдорлиги етказилди.

Умумий майдони 12,5 минг квадрат метрни ташкил этган кўргазма майдонида дунёнинг 20 мамлакатидан 300дан ортиқ компаниянинг маҳсулот ва хизматлари намойиш этиляпти. Анжуман дастурига кўра, 15га яқин кенг қамровли тадбир, 200дан ортиқ бизнес-учрашув ўтказилиши режалаштирилган.

«Таъкидланганидек, президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган мамлакатимизни ривожлантириш стратегиясига мувофиқ, Ўзбекистон кейинги йилларда МДҲ ҳудудидаги анъанавий ишончли савдо-иқтисодий ҳамкорларимиз ҳисобланган барча давлатлар билан ҳамкорликни янада кучайтирди. Мамлакатимиз ЕОИИ фаолиятини, Евроосиё майдонидаги интеграцион жараёнларни кузатиб бормоқда.

Коронавирус пандемиясига қарамасдан, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар суръати сезиларли даражада ўсди. Ушбу кўргазма бунга яққол мисол бўла олади.

«Иннопром» доирасида имзоланадиган инвестициявий ва савдо келишувлари барча шерик мамлакатлар манфаатини ҳимоя қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш имконини яратади», дейилади ЎзА хабарида.

Top