14:17 / 12.04.2021
3609

Транспорт воситалари атмосферани саноат корхоналаридан ҳам кўп зарарлайди – қўмита

Бугунги кунда атмосферага саноат корхоналаридан ҳам кўпроқ таъсир кўрсатаётган бу транспорт воситаларидир. Бу ҳақда 12 апрел куни Миллий матбуот марказида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Атмосфера ва атроф-муҳитнинг чиқиндилар билан зарарланиши бутун дунёдаги глобал муаммолардан бўлиб турибди. Ўзбекистонда 2020 йилда 620дан ортиқ, 2021 йилда 685дан кўпроқ саноат корхоналари томонидан атмосферага чиқинди чиқарилади.

Бир йилда атмосферага чиқариладиган чиқинди тахминан 2,5 млн тоннани ташкил қилади. Бунинг 800-900 минг тоннаси саноат корхоналаридан чиқса, 1400 тоннаси транспорт воситалари ҳисобига тўғри келади. Бугунги кунда атмосферамизга корхоналардан ҳам кўпроқ таъсир кўрсатаётган бу транспорт воситаларидир», деди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Бобожонов.

У бугунги кунда кўплаб мамлакатлар атроф-муҳит учун хавфсиз бўлган электр энергияси ёрдамида ҳаракатланувчи транспорт турига ўтишганини таъкидлади.

«Саноат корхоналарида фильтрлар қўйиш, тозалаш ускуналари ўрнатиш ёрдамида бу муаммо босқичма-босқич ҳал қилиниши мумкин, аммо автомобиллардан чиқадиган чиқиндилар муаммоси юртимизда очиқлигича қолмоқда.

Ўзбекистонда атмосферага чиқариладиган 171та чиқинди тури бор. Бу тур Россияда 140тага, Беларусда 88тага, Қозоғистонда 120тага яқин. Завод ёки корхона ускуналари қанчалик янги, замонавий бўлса, шунча кам чиқинди чиқарилади. Шунинг учун охирги вақтларда ишга тушаётган корхоналарга янги фильтрлаш тизими ўрнатилсагина ишлашга рухсат бериляпти», дейди қўмита раиси.

Мутасаддининг маълум қилишича, 2023 йилга қадар Ўзбекистондаги саноат корхоналарида чиқиндини фильтрлаш борасида янги тизимга ўтиш режалаштирилмоқда.

Top