16:20 / 20.04.2021
3270

Атроф-муҳитни ифлослантирувчи тоғ-металлургия комбинатлари қарийб 1 млрд сўм компенсация тўлайди

2021 йил 15 июлдан бошлаб тоғ-металлургия соҳасидаги йирик комбинатларга йиллик компенсация тўлови 1 млрд 75 млн сўм этиб белгиланди.

Ҳукумат қарори билан Ўзбекистон ҳудудида атроф-муҳит ифлослантирилгани ва чиқиндилар жойлаштирилгани учун компенсация тўловларини қўллаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Низомга кўра, компенсация миқдори кўпайтирилган ва имтиёзли турларга бўлинади. Яъни саноат корхоналарига атмосферага чиқарилаётган чанг ва газларни ушлаб қолувчи ускуналар жойлаштирилган бўлса, тўлов миқдори камайтирилади. Акс ҳолда оширилади.

«Олдин белгиланган базавий тарифга асосан, тоғ-металлургия соҳасидаги йирик комбинатлардан бирининг йиллик компенсация тўлови ўртача 313 млн сўмни ташкил қилган бўлса, янги ставкалар бўйича ҳисобланганда бу кўрсаткич 1 млрд 75 млн сўмга етиши кутилмоқда.

Сув объектлари, жой рельефи, канализация тармоқларидаги ифлослантирувчи моддаларни ташлаганлик, чиқиндиларни жойлаштирганлик учун белгиланган компенсацияларнинг базавий ставкалари аввалги кўрсаткичлардан деярли ўзгартиришсиз қолдирилди.

Саноат корхоналаридаги чанг-газларни тозалаш ускуналари эскирган. Ҳозирда фаолият кўрсатаётган саноат корхоналарида мавжуд ана шундай ускуналарнинг самарадорлиги атиги 86 фоизни ташкил этмоқда. Қонунда самарадорлиги 99 фоиздан кам бўлмаган қурилмалар ўрнатишни таъминлаш белгиланган. 

Бироқ атроф-муҳитга чиқарилган зарарли моддаларнинг компенсацияси миқдори юқори бўлмагани сабабли корхоналарнинг аксарияти экология ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш мақсадида замонавий тозалаш ускуналари ўрнатиш ўрнига бундай зарар келтирганлик учун компенсация тўловларини тўлашни афзал кўраётган эди. Энди ишлаб чиқарувчилар учун корхонадан чиқаётган чанг ва газларни ушлаб қолувчи ускуналар ўрнатиш компенсация тўлашдан кўра арзонга тушади ва атроф-муҳит учун ҳам фойдали бўлади», деди у.

Маълум қилинишича, мазкур низом талаблари 2021 йил 15 июлдан бошлаб кучга киради. Ҳужжатда белгиланган чора-тадбирлар бажарилса, 2030 йилгача атмосферага зарарли моддалар чиқарилиши 10 фоизга камайишига эришилади. 

Мавзуга оид
Top