09:13 / 20.04.2021
23297

Ислом Каримов ўзбек тили ва адабиёти университетини нега очганди? —Шуҳрат Сирожиддинов хотираси

Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов Kun.uz мухбири билан суҳбатда олийгоҳнинг 2016 йилда очилиш тарихи ҳақида гапириб ўтди.

Ректор бу ҳақда гапираркан, биринчи президент Ислом Каримов, ўша пайтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёев ва ўзи ўртасида президент кабинетида кечган суҳбатни эсга олди.

Шуҳрат Сирожиддиновга кўра, президент Каримов Ўзбекистонда таълим, тил, адабиёт ва маданият чуқур «жарликка» тушиб қолганини яхши тушунган.

«Ўзбек тили ва адабиёти университетининг очилишидан олдинги воқеаларни нафақат мен, балки бутун халқимиз билиши керак деб ўйлайман.

Бир куни Ислом Абдуғаниевич мен билан Шавкат Миромоновични ҳам қабулига чақирганди. Ўша пайтда мен Миллий университет ректори эдим. Ўртамизда 2,5 соат суҳбат бўлди. Бу суҳбатда кўпроқ Ислом Абдуғаниевич гапирди.

У киши қуйидагилар ҳақида гапирди:

«Биз сиёсатда, иқтисодда мустақил бўлдик. Тинчликни сақлаш, иқтисодни кўтариш ва халқнинг ўзига ишончини орттириш учун уриндик. Булар биринчи навбатдаги вазифалар эди. Аммо бир нарсада ортда қолдик. Бу мени жуда кўп қийнайди. Буни бажаришнинг энди вақти келди.

Биз маданиятимизни кўтаришимиз керак. Адабиётимизни кўрсатишимиз керак. Биздаги маданият эса бевосита таълим, илм ва фан билан боғлиқ.

Биз жаҳон халқлари орасида ўз маданиятимизни қайта тиклашимиз керак».

Ислом Абдуғаниевич бу ишларни амалга ошириш учун биринчи навбатда тил ва адабиётни ривожлантириш кераклигини яна такрорлади. Ўзбек тили обрўйини ошириш ҳақида гапирди.

«Биз ўзбек тили учун 1989 йилда қонун қабул қилганмиз. Аммо жуда кўп камчиликларга йўл қўйдик. Мана, энди вақти келдики, биз бу хатоларни тузатишимиз керак.

Бунинг учун яхши кадрлар керак», – деди у киши. Яхши эслайман, Ислом Абдуғаниевич бу гапларни ниҳоятда куюнчаклик билан гапирди.

Ўйлашимча, ёш ва мустақил давлат бўлиш, четдан турли таҳдидлар, миллатнинг қаддини кўтариш, иқтисодий ва бошқа катта масалалар исканжасидан чиқиб кетиш, бир томондан уруш хавфи (Афғонистондаги нотинчликлар назарда тутилмоқда – таҳр.) билан бирга бу масалаларни ҳам Ислом Абдуғаниевич жуда яхши тушунган.

Ўша суҳбатда Ислом Каримов кадрлар муаммоси ва таълимнинг ортда қолиб кетганини айтди. Тил ва саводхонлик муаммолари ҳам таъкидланди. У киши бу ортда қолишнинг сабабларини ҳам тушунтириб берди. Яъни ҳаммаси айланиб, давр мураккабликларига боғланди.

«Кадрлар тайёрлашимиз керак. Бизга янги авлод керак. Тилнинг фидойилари, тилни, адабиётни тушунадиганлар керак. Тил ва адабиётини билмаган инсон қандай қилиб маданиятини кўтаради?» – деди Ислом Каримов.

У киши ўша даврнинг кадрларидан қониқмаган. Албатта, қониқмаган. Чунки халқимиз ҳам билади, ўша даврларда таълимдан сифат кетди. Саводсизлик урчиди. Ўзбек тили ва адабиёти фани университетлардан деярли олиб ташланди. Ҳеч ким китоб ўқимай қўйди. Тилга эътибор сусайиб кетди. Маънавият ишлари қуруқ назарияга айланиб қолди. Амалиётда эса хўжакўрсинга бўлаверди.

Буларнинг ҳаммаси бориб-бориб бошқа халқлардан фарқли маданиятга эътиборсизликка олиб келди. Ислом Каримов шулар ҳақида гапириб, бизга вазифалар берди.

Биринчи президент шу суҳбатда университетни «Тил ва адабиёт деб номлаймиз ва бу албатта Алишер Навоий номи билан боғланиши керак. Чунки Алишер Навоий туркий тил имкониятларини бутун дунёга кўрсатиб берган», – деди.

У киши мендан «туркий тил билан турк тилининг фарқини биласизми?» – деб сўраб ҳам қўйдилар.

Ўша пайтда Алишер Навоий номи Самарқанд давлат университетида эди.

Ислом Абдуғаниевич менга: «Мана, сиз Миллий университетда ректорсиз, бу университет энди нанотехнологиялар билан ривожланади. Миллат масалалари, миллий масалалар бу университетда ўрганилади, ривожлантирилади», – деди.

Шунинг учун ҳам Ўзбек тили ва адабиёти университети – миллат университети. Миллий университет шу бўлиши керак, аслида.

Биринчи президент суҳбат давомида тил, адабиёт, тарих ва фалсафа масалаларини ҳам жуда куюнчаклик билан кўтарди. Бу ишлар тил ва адабиётдан бошланиши кераклигини айтди», – дейди Шуҳрат Сирожиддинов.

Top