08:03 / 21.04.2021
3342

Фарғона политехника институти мансабдор шахслари салкам 80 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани аниқланди

Фарғона вилоят прокуратураси ахборот хизматининг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, соҳа ходимлари томонидан Фарғона политехника институтида таълим, бюджет ва меҳнат қонунчилиги ижроси аҳволи ўрганилган.

Қайд қилинишича, Фарғона политехника институти мансабдор шахслари 2019-2020 йиллар давомида 600 млн сўмдан ортиқ, жуда кўп миқдорда бюджет ва смета-штат интизоми бузилишига йўл қўйиб, ўзларига ишониб топширилган 79,5 млн сўм бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 16.03.2021 йилда вилоят прокуратураси томонидан ЖКнинг 184-1-моддаси 2-қисми, 167-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, ўрганиш давомида қонунчиликка зид равишда қабул қилинган ҳужжатларга нисбатан 9та протест келтирилган, 9 нафар мансабдор ва масъул ходимга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан киритилган тақдимнома 09.04.2021 йилда вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи К.Алихўжаев иштирокида институтнинг барча профессор-ўқитувчилари, педагог ходимларининг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинган. 

Мавзуга оид
Top