07:07 / 21.04.2021
1704

Навоий вилоятида ўтган уч ойда 86 та ёнғин содир бўлгани маълум қилинди

Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Навоий вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, ушбу ёнғинлар оқибатида 4 киши ҳалок бўлган, 2 киши жароҳат олган. Кўрилган моддий зарар миқдори эса қарийб 750 миллион сўмга тенг. 

Бошқарма бошлиғи ўринбосари Фарҳод Пўлатовга кўра, ушбу муддатда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган ёки давлат ёнғин назорати органларининг ёзма кўрсатмаларини бажармаган 258 нафар раҳбар, жавобгар шахс ва фуқароларга нисбатан 31,9 миллион сўмлик маъмурий чоралар кўрилган. Шунингдек, ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 109 та бино ва иншоотнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.

«Бугунги кунда аҳоли томонидан вилоятнинг Кармана, Хатирчи, Нурота, Навбаҳор туманларида сел йўллари муҳофаза зонасида ноқонуний қурилишларни амалга ошириш, сел йўлларини тўсиш, ҳар хил турдаги дарахтлар экиш ҳолатлари кўпаймоқда», — дейди Пўлатов.

Маълум қилинишича, 2020 йилда тошқин сувлари ва сел оқимларини хавфсиз ўтказиб юбориш мақсадида 11 та объектда 6,7 миллиард сўмдан ортиқ махсус-муҳандислик тадбирлари амалга оширилган. Жорий йилда эса 11 та объектда 8 миллиард 278 миллион сўмлик иш бажарилиши режалаштирилган.

Матбуот анжуманида журналистларга вилоятда қрим-конго геморрагик иситмаси, қутуриш касаллиги ҳамда овқатдан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам маълумотлар берилди.

Аввалроқ Навоий шаҳридаги «Бахт текстил» МЧЖда ёнғин содир бўлган ва оқибатда 2800 тоннага яқин пахта ҳамда 200 тоннага яқин тола зарарланганди.

Top