23:12 / 23.04.2021
20779

Йўллардаги қоидабузарликларни аниқлаш учун хусусий камералар ўрнатиш тартиби белгиланди

Белгиланган жойларда радар ўрнатиш ҳуқуқи тадбиркорларга аукционда, чекланмаган муддатга сотилади. Дастлабки бир йилда жарималар суммасидан 50 фоизи, кейинги йилдан эса 25 фоизи тадбиркорга ўтказилади.

21 апрел куни қабул қилинган ҳукумат қарори билан, тадбиркорлик субъектлари томонидан автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ва эксплуатация қилиш тартиби тасдиқланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, тадбиркорлар томонидан йўлларда қоида бузилишини фото ва видео қайд этиш тизими ўрнатилиши мумкин бўлган жойларнинг электрон онлайн-аукционлари «E-IJRO AUKSION» орқали амалга оширилади.

Объект онлайн аукционда ғолиб бўлган тадбиркорга мулк ҳуқуқи асосида чекланмаган муддатга, бошқа тадбиркорларга ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади.

Тизим ўрнатилиши мумкин бўлган жой дислокацияси, мазкур ҳудуддаги транспорт оқими ва охирги 2 йилда аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар очиқ эълон қилинади.

Ўрнатиладиган жойларнинг бошланғич нархи 735 000 сўмдан 8 575 000 сўмгача белгиланди.

Тизим ўрнатилгач, 10 кун давомида синов тариқасида ишлатилади ва бу даврда қайд этилган қоидабузарликлар бўйича жарима ундирилмайди.

Тадбиркорларга тегишли камералар орқали аниқланган қоидабузарликлардан ундирилган жарималар қуйидагича тақсимланади:

а) Тадбиркорлик субъектлари томонидан тизим ишга туширилган кундан бошлаб 1 йил мобайнида:

  • 50 фоизи – тадбиркорлик субъекти ҳисобига;
  • 15 фоизи – республика бюджетига;
  • 10 фоизи – ИИВ бюджетдан ташқари жамғармасига;
  • 15 фоизи – йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига;
  • 5 фоизи – ДХХ ҳузуридаги «Киберхавфсизлик гуруҳи» давлат унитар корхонасига;
  • 5 фоизи – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш марказига «Хавфсиз шаҳар» концепциясини тўлақонли жорий этиш учун йўналтирилади.

б) Тадбиркорлик субъектлари томонидан тизим ишга туширилганидан 1 йил ўтганидан сўнг:

  • 25 фоизи – тадбиркорлик субъекти ҳисобига;
  • 20 фоизи – республика бюджетига;
  • 15 фоизи – ИИВ бюджетдан ташқари жамғармасига;
  • 25 фоизи – йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун мақсадли йўналтирилган ҳолда йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қайд этилган жойнинг маҳаллий бюджетига;
  • 5 фоизи – ДХХ ҳузуридаги «Киберхавфсизлик гуруҳи» давлат унитар корхонасига;
  • 10 фоизи – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Хавфсиз шаҳар» жамоат тартибига кўмаклашиш марказига «Хавфсиз шаҳар» концепциясини тўлақонли жорий этиш учун йўналтирилади.

Тизим Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг ахборот тизимига мажбурий тартибда интеграция қилинади.

Тизим қоидабузарликларни аниқлашда уч ва ундан ортиқ маротаба хатоликни қайд этса, объектга нисбатан мулк ҳуқуқи суд тартибида бекор қилиниши мумкин.

Тизим томонидан қоидабузарликлар нотўғри аниқланганда, тадбиркорлар уларни содир этган деб топилган шахсга етказилган барча моддий зарарни қoплашга мажбур.

Top