18:25 / 26.04.2021
10919

Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари. Рақамлар расмий маълумотлардагидан ҳам кўп бўлиши мумкин

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизматининг маълум қилишича, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари йилдан йилга ошиб бормоқда.

«2021 йилнинг 15 апрелига қадар Омбудсман номига хотин-қизлар томонидан 20га яқин жинсий ва жисмоний зўравонлик, руҳий тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича мурожаат келиб тушган. Уларнинг аксарияти Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига тўғри келади.

Уларга нисбатан зўравонлик акс этган рақамлар аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Бунга сабаб эса ўзбек аёлларининг андиша қилиб кўп ҳолда зўравонликларга кўз юмишидир», дейилади хабарда.

Ўтказилган сўровнома натижасига қаралса, унда иштирок этган аёлларнинг 42 фоизи ўзи ва фарзандларини боқа олмаслигидан қўрқиб зўравонликка чидаса, яна 38 фоизи бошқалар томонидан муҳокама (гап-сўз) бўлишдан қўрқиб зўравонликка кўз юмади.

Зўравонлик – тазйиқ ва таҳқирлашлар орқали шахс устидан назорат қилишдир. Яъни зўравонлик жабрланувчи ва унинг ҳаёти устидан назорат қилишни онгли равишда ўрнатишдир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 15 ва 49 ёшидаги хотин-қизларнинг 25 фоизидан кўпроғи ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келишади. Ушбу зўравонликларнинг 33 фоизи Жануби-Шарқий Осиё ҳудудига тўғри келмоқда.

Бош прокуратура берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда номусга тегиш ҳолатлари 27,7 фоизга ошган.

Ўтган уч ой мобайнида ҳуқуқ-тартибот идораларига зўравонликка учраган аёллар томонидан 11 мингдан ортиқ мурожаат бўлган

ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси хабар беришича, 2021 йилнинг январь-март ойларида зўравонлик ҳолатлари қайд этилиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ортган.

Ўтган уч ой давомида республикадаги ҳуқуқ-тартибот идораларига хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари бўйича жами 11 070та мурожаат келиб тушган.

Ушбу мурожаатларнинг 2 772таси 18-30 ёш оралиғидаги, 93таси эса вояга етмаган шахслар томонидан бўлган. Содир этилган зўравонлик ҳолатларининг энг катта қисми - 9 973таси оилада юз берган. Мурожаат қилган шахсларнинг 5 209 нафари руҳий, 3 813 нафари жисмоний, 166 нафари иқтисодий, 44 нафари жинсий зўравонлик ҳамда 1 838 нафари зулм ва тазйиқ ўтказишларга учраганини айтишган.

Жисмоний зўравонлик билан боғлиқ мурожаатларнинг энг кўпи, Қашқадарё (548та), Сирдарё (540та) ва Фарғона (412та) вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Руҳий зўравонлик бўйича мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикаси (959та), Қашқадарё (668та), Андижон (566та) вилоятига тўғри келмоқда. 

Иқтисодий зўравонлик бўйича мурожаатларда Самарқанд вилояти энг етакчи ўринда – 100та. Тошкент ва Навоий (ҳар бирида 13тадан), Сурхондарё (12 та) вилоятлари кейинги ўринларни эгаллаган бўлса, Сирдарё, Жиззах, Фарғона вилоятларида бу турдаги зўравонлик ҳодисаси юз бермаган.

Жинсий зўравонлик ҳодисалари ҳақидаги мурожаатлар бўйича Тошкент шаҳри биринчи (10та), Навоий вилояти иккинчи (9та), Сурхондарё вилояти учинчи (6та) бўлишган. Шунингдек, жинсий зўравонлик фактлари Самарқанд, Сирдарё, Андижон вилоятларида 4тадан, Жиззах вилоятида – 3та, Қашқадарё вилоятида – 2та, Хоразм вилоятида – 1тадан рўйхатга олинган бўлса, Тошкент, Фарғона, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида бундай ҳолатлар қайд этилмаган.

Зулм ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари бўйича Фарғона вилоятида (587та),  Наманган вилоятида (391та),  Хоразм вилоятида (260та) ҳолат аниқланган.

Ички ишлар вазирлиги ҳамда Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси томонидан 8 158та ҳолатда эри томонидан хотинига, 322таси қайнона томонидан келинига, 229таси келини томонидан қайнонасига тазйиқ ўтказиш ҳолатлари бўйича, ҳамда қолган 2 361таси бошқаларга «Ҳимоя ордери» расмийлаштириб берилган.

Ўзбекистон БМТнинг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенциясига қўшилганига 26 йил бўлишига қарамай ҳамон аёллар ҳуқуқларини топташ ҳолатлари учрайди.

«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда ҳам хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналиши қилиб белгиланган.

Ҳар бир хотин-қиз зўравонликсиз ҳаётда хавфсиз ва фаровон яшашга ҳақли. Унинг бу ҳуқуқларини поймол қилиш, тазйиқ ўтказиш қонун билан ҳимояланади.

Top