13:46 / 29.04.2021
20335

ССВ: Буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти илк марта вилоят тиббиёт муассасасида муваффақиятли амалга оширилди

Академик В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг малакали мутахассислари наманганлик шифокорлар билан биргаликда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида ноёб жарроҳлик амалиётини муваффақиятли ўтказишди. Вилоятда шу ҳафтанинг ўзида 4та ана шундай мураккаб операциялар ўтказилиши белгиланган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бунга қадар буйрак трансплантацияси операцияси Ўзбекистонда фақатгина Тошкент шаҳрида Республика шоишилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва В. Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида амалга оширилар эди.

ССВ матбуот хизмати хабар беришича, Наманган вилоятидаги дастлабки операция қарийб уч соат давом этган. Чортоқ туманининг Чорсу маҳалласида яшовчи 21 ёшли Дилноза Аҳмаджоновага онаси Ёқутхон Муталиева бир буйрагини берган. Ҳозирда уларнинг аҳволи яхши ва беморлар тиббий стандартлар асосида назоратга олинган.

«Буйрагим хасталиги учун етти ойлик фарзандимдан айрилдим. Яшашга бўлган умидим тобора сўниб бораётганди. Яхшиям юртимизда шундай малакали ва ўз ишига моҳир шифокорларимиз бор экан, яхшиям меҳрибон онажоним бор экан, бугун дардимга даво топишдан умидворман», дейди Д.Аҳмаджонова операциядан олдинги қисқа суҳбатда.

Операция столига ётқизиладиган яна бир бемор поплик 30 ёшли темирйўл ишчиси Муҳриддин Маҳкамовдир. Қўқондаги темирйўлчилар поликлиникасига мурожаат қилганида унда буйрак шамоллаши аниқланган, аҳволи оғирлашиб бориб, Наманган вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг нефрология бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлган.

«Бундай оғир ҳолатга қачонгача чидаш мумкинлигини ўйлаб, тушкунликка тушиб қолгандим. Шундай кунларнинг бирида пойтахтлик жарроҳлардан буйрак кўчириб ўтказиш операцияси ҳақидаги хушхабарни эшитдим. Акам Муроджон Маҳкамов бир буйрагини беришга рози бўлганида жигаримнинг меҳридан кўзим ёшланди», дейди М. Маҳкамов.

Кейинги бемор Жавоҳир Эргашев ҳам жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўрмоқда. Янгиқўрғоннинг Ғовазон қишлоғида яшовчи 24 ёшли бемор бир ярим йилдан бери гемодиализ аппаратига «боғланиб» яшаётган эди.

«Ҳафтасига 3 марта қонимни тозалатишга мажбур эдим. Икки кунда такрорланадиган бундай муолажа одамни эзиб юборади. Яхшиям давлат томонидан бепул, беминнат хизмат кўрсатилади. Ниҳоят, қуриган буйрагим ўрнига соғломини кўчириш мавриди келиб қолди. Ким бундай инъомни менга лойиқ кўрганини айтсам, нақадар бахтли инсонлигимни англаб етсангиз керак», дейди Ж. Эргашев.

Унга умр йўлдоши Наима Қаюмова бир буйрагини беришга қарор қилган. Жарроҳлик амалиётидан кейин ёш оила икки ёшли фарзанди Хушнудбек билан ширин турмушини давом эттиришни ният қилишган.

«2017 йил 23 октябрда қабул қилинган «Буйрак ва жигар тўқималарини трансплантация қилиш ҳақида»ги вақтинчалик низомга мувофиқ тиббий амалиётнинг муваффақиятли ижроси ҳозиргача фақат пойтахт Тошкентда изчил таъминлаб келинаётган эди. Энди эса Наманганда ҳам бу жараён дадил бошлаб юборилди. Бир йўла учта буйрак трансплантацияси амалиёти ўткзилди.

Бундан тўрт-беш йил муқаддам буйрак трансплантациясини мамлакатимизда ўтказиш учун шароитлар йўқ эди. Буйрак етишмовчилигидан озор чекаётган беморлар катта маблағлар эвазига хорижда даволаниб келишга мажбур эдилар. Бугун Наманганда оламшумул тиббий амалиёт ҳеч шов-шувларсиз ғоят муваффақиятли бажариляпти», дейилади ССВ хабарида.

 

Top