15:31 / 29.04.2021
10722

Uzbekistan Airways раҳбари маҳаллий рейсларда чипта нархлари пасайиши ҳақида гапирди

Ҳозиргача ички рейсларда чипта нархини 7-10 фоизга туширдик, 1 майгача яна 17 фоизга арзонлаштирамиз, деди Илҳом Маҳкамов.

Транспорт вазири, «Uzbekistan Airways» AЖ бошқарув раиси Илҳом Маҳкамов 28 апрел кунги матбуот анжуманида чипта нархлари арзонлашиши ҳақида маълум қилди.

«1 майдан бошлаб харажатларни кескин қисқартираётганимиз ҳисобига Ўзбекистон Республикасининг ички парвозларига чипталар нархини яна 17 фоизга тушириш имкониятига эгамиз.

1 майдан янги нархлар бўлади. Бугунги кунгача қарайдиган бўлсак, ўртача нархни 7 фоиздан 10 фоизгача туширдик ва [1 майдан] яна нархлар 17 фоизга туширилади», – деди Илҳом Маҳкамов.

«Олдин биз юқори даражадаги компания бўлган бўлсак, ҳамма кўрсатиладиган хизматларни керакми-керакмасми битта билетнинг нархига тиқиб кўрсатардик. Лекин қисқа муддатли учиб кетаётган аҳоли бор. Мана, багажсиз ва қайтариб берилмайдиган элементар тариф турлари. Бу мажбуриймас, биз буни опцияга киритдик. 1 апрелдан багажсиз ва қайтариб берилмайдиган тариф турларини киритдик. Шу орқали билет нархини 20 фоизгача қисқартириш имкониятига эга бўлдик.

Хоҳласа, ҳамма хизмат турлари билан сотиб олади, хоҳласа, багажсиз ва қайтариб берилмайдиган тариф турларини. Ўзи билан фақат қўл юки олмоқчи бўлса, кетиши аниқ бўлса, марҳамат, 20 фоизга арзонроққа чипта олади. Айтмоқчиманки, биз гибрид стратегияни танладик», – деди Uzbekistan Airways раҳбари.

Top