22:18 / 30.04.2021
10811

Вазир ўринбосари мактаб ўқитувчиларининг ўқувчилар ҳақида уйма-уй юриб маълумот йиғаётгани ҳолати юзасидан муносабат билдирди

Кеча, 29 апрел куни АОКАда умумтаълим мактабларининг АКТ билан таъминланганлик ҳолати юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда мактаб ўқитувчиларидан бири айрим ҳудудларда ўқитувчилар мактабга қабул ёшидаги ўқувчиларнинг маълумотларини уйма-уй юриб ўрганишга мажбур бўлаётгани ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.

«Пандемия шароитида шу тўғрими? Ўзи умуман, нега бу жараён рақамлаштирилмаган? Ўқитувчи ўзининг ишини қилсинми ё маълумот йиғсинми?» – деди савол эгаси.

Ҳолат юзасидан халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов изоҳ берди.

«Бунинг асосий сабабларидан бири – бизда ҳозир тўлиқ база йўқ. Мактаб ўқитувчиларининг тўлиқ актуал базаси йўқ. Бу бўйича 2020 йилдан бошлаб ягона тизим ишлаб чиқяпмиз. Бу борада 9 та вазирлик билан бирга интеграция ишлари олиб бориляпти.

Бунда тўғри маълумотлар базаси йиғиляпти. Масалан, Адлия вазирлигида туғилганлик ҳақида маълумотнома бўлади. Биз шу орқали маълумотларни янаям аниқлаштирамиз. Ҳозирги кунда ушбу базага 2 млн.га яқин ўқувчи маълумотлари юкланди.

Шунингдек, базага ўқитувчилар маълумоти ҳам юкланяпти. Ўқитувчи ва ўқувчи бир мактабдан иккинчисига ўтса, биз буни биламиз. Мана шундан кейин ўқитувчилар томонидан қўлда қоғоз йиғиш ҳолатлари йўқолади», – деди вазир ўринбосари.

Top