13:17 / 01.05.2021
35908

Вазир ва амалдорлар хизмат машиналари нархининг энг юқори миқдори эълон қилинди

Фото: KUN.UZ

2021 йил 29 апрелда “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспортларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабарига кўра, давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари тасдиқланди. 

Жумладан:

  • вазирлар, давлат қўмиталари раҳбарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига бириктириладиган хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — базавий ҳисоблаш миқдорининг 2000 баравари (490 млн сўм)дан;
  • уларнинг ўринбосарлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1500 баравари (367 млн 500 минг сўм)дан;
  • туман ва шаҳар ҳокимлари хизмат автотранспортининг энг юқори нархи — базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баравари (245 млн сўм)дан;
  • давлат бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари, шунингдек, туман, шаҳар ҳокими ўринбосарлари хизмат автотранспорти нархи — базавий ҳисоблаш миқдорининг 700 баравари (171 млн 500 минг сўм)дан ошмаслиги белгиланди.

Қарорга кўра, давлат ташкилотларида фойдаланишда мавжуд бўлган хизмат автотранспортлари икки ой ичида хатловдан ўтказилади ва белгиланган меъёрлар бўйича лимитдан ортиқча бўлган хизмат автотранспортлари рўйхати шакллантирилади. 

Шакллантирилган рўйхат асосида ортиқча хизмат автотранспорт воситалари 2021 йил 1 августга қадар электрон аукцион савдоларига қўйилади.

Бундан ташқари, давлат органлари ходимларининг шахсий автомобилларидан хизмат мақсадларида фойдаланганликлари учун компенсация тўлаш тартибини назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси (уч ой муддатда) ишлаб чиқилади.

Аввалроқ, давлат амалдорларининг хизмат машиналарига янги турдаги авторақамлар берилиши хабар қилинганди. 

Top