22:01 / 03.05.2021
1830

Асака туманида банк ходимлари 158 нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа пулларини талон-торож қилгани аниқланди

Андижон вилояти Асака туманида сайёр касса ҳисобчи-назоратчилари 90,3 млн сўм пенсия ва нафақа пулларини талон-тарож қилгани аниқланди. Бу ҳақда прокуратура ҳузуридаги Департамент хабар бермоқда.

АТ «Халқ банки» Андижон вилояти филиалининг мурожаатига асосан банкнинг Асака филиали сайёр касса ҳисобчи-назоратчилари терговга қадар текширув ўтказган. 

Текширувда банкнинг Асака филиали сайёр касса ҳисобчи-назоратчилари Н.Қ. ва С.Р. 158 нафар фуқаронинг жами 90,3 млн сўм пенсия ва нафақа пулларини тарқатмасдан, тўлов қайдномаларида имзоларни сохталаштириб, талон-торож қилгани аниқланган.

Шунингдек, банк филиалининг собиқ раҳбари У.Ю. ва бошқалар «Э.Д.» МЧЖ томонидан банкда маблағни тўлиқ сўндириш учун тўланган 58 млн сўмни банкка кирим қилмасдан ўзлаштиргани, қилмишларини яшириш мақсадида нотариал идорага сохта ҳужжатлар тақдим қилиб, гаровдаги мулкка қўйилган тақиқни бекор қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Андижон тумани заxирасига харид қилинган 646,6 млн сўмлик 149 тонна картошка сотиб юборилиб, сотувдан тушган пуллар талон-торож қилинганини ҳақида хабар берилган эди.

Top