17:14 / 03.05.2021
53368

«Исломобод» масжиди минораларини бузиш тўхтатилди. Бузишга ким буйруқ бергани номаълум

Ўзбекистондаги энг катта масжид бўлиши кутилаётган «Исломобод» масжидининг иккита минораси кутилмаганда бузила бошланди. Жамоатчилик эътирозидан сўнг бузиш ишлари тўхтатилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Бир неча кун олдин Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қурилаётган «Исломобод» масжидининг тўртта минорасидан иккитасини бузиш бошланган эди. Натижада миноралар бузилишидан норози фуқаролар масжид ҳудудига тўпланган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кўринишича, масжид имом-хатиби Абдулло Йўлдошев тўпланганларга масжиднинг орқа тарафдаги иккита минораси «маблағ етишмовчилиги сабабли» бекор қилингани ва масжид лойиҳаси ҳам шунга мувофиқ янгиланганини маълум қилган.

Устабоши Муҳаммаджон Умаровнинг Kun.uz'га айтишича, номаълум шахслар келиб масжиднинг иккита минорасини бузмоқчи бўлган ва миноралардан бирининг бир қисмини бузишга ҳам улгуришган.

Маълум бўлишича, бугун, 3 май куни номаълум шахслар жамоатчилик норозилиги туфайли бузишни тўхтатишган ва масжид эски лойиҳа бўйича, 4 та минора билан қурилиши айтилган.

Масжид имоми ҳам, қурилиш прораби ҳам, Kun.uz мурожаат қилган бошқа масъуллар ҳам масжид миноралари кимнинг буйруғи асосида бузила бошланганини айта олмади.

 

oLCpoxNEWJbKZbB91k6ovoZdUDiyOTad.jpg (1595×894)

Маълумот учун, Ўзбекистондаги энг йирик масжид бўлиши кутилаётган «Исломобод» масжиди қурилиши бошланиши олдидан барча тегишли идоралардан рухсат олинган.

Масжид 13 минг намозхонга мўлжалланган. Лойиҳада асосий бино, ҳовли ва таҳоратхонадан ташқари, 64 метрли 4 та минора ва тўрт қаватли автомобиллар тураргоҳи кўзда тутилган.

Top