22:47 / 10.05.2021
20289

«Афғонистонликлар 90-йиллар даҳшатига қайтишни хоҳламайди» — Ашраф Ғани мамлакатдаги бўлажак ўзгаришлар ҳақида

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ўз мақоласида расмий ҳукумат ва «Толибон»нинг бирга ишлаши мумкинлигига оид муҳим далиллар келтирди. У Афғонистонда «Толибон» хоҳлаётган «исломий давлат» тузишга эҳтиёж йўқлиги, чунки аллақачон мамлакатда ислом давлатчилиги шаклланганини айтиб ўтган.

Фото: Dan Kitwood / Pool / Reuters

Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг Foreign Affairs журналида расмий афғон ҳукуматининг позициясини ифода этувчи мақоласи эълон қилинди. Мақолада у расмий ҳукумат ва «Толибон»нинг бирга ишлаши мумкинлигига оид муҳим далиллар келтириб ўтди.

АҚШ президенти Жо Байденнинг қолган 2500 нафар америкалик ҳарбийни сентябргача Афғонистондан олиб чиқиш тўғрисидаги қарори мамлакат ва қўшни давлатлар учун бурилиш нуқтасини англатади. Афғонистон ҳукумати ушбу қарорни ҳурмат қилади ва уни ҳам АҚШ, ҳам афғонистонликлар, ҳам толиблар, ҳам минтақа учун хавф ва имконият сифатида баҳолайди.

Афғонистон Ислом Республикасининг амалдаги раҳбари сифатида мен учун бу тинчлик йўлидаги садоқатимни яна бир бор исботлаш ва давом эттириш учун катта бир имконият. 2018 йил февраль ойида мен «Толибон»га тинчлик шартномаси таклиф қилдим. Бунинг ортидан ўша йилнинг июнь ойида уч кунлик сулҳ имзоланди. 2019 йилда Буюк кенгашда толиблар билан музокаралар ўтказиш кўриб чиқилди ва ўша пайтдан бери менинг ҳукуматим Афғонистон конституцияси қадриятларига мос келадиган сиёсий келишув зарурлиги тўғрисида миллий консенсус яратиш устида иш олиб бормоқда. 

Биз толиблар билан музокараларни давом эттиришга тайёрмиз. Агар бу тинчлик таъминланишига олиб келса, мен муддатидан олдин ваколатларимни топширишга тайёрман.

Афғонистон халқи учун АҚШнинг чиқиб кетиши Қўшма Штатлар билан узоқ муддатли шериклигимизнинг яна бир босқичидир. Президентлигимнинг биринчи йили АҚШ ва НАТОнинг 130 минг ҳарбийлари мамлакатимиздан чиқиб кетди, бу мамлакатда хавфсизлик секторига эътиборни кучайтиришимизни талаб қилди. Ўшандан бери Афғонистон Миллий Мудофаа ва Хавфсизлик кучлари (ANDSF) республикани ҳимоя қилмоқда ва шу давр оралиғида мамлакатда иккита миллий сайлов ўтказдик.

Бугун бизнинг ҳукуматимиз ва хавфсизлик кучларимиз бундан етти йил аввалгига қараганда анча мустаҳкам пойдеворга эга ва биз Америка қўшинлари чиқиб кетганидан кейин ҳам ўз халқимизга хизмат қилишга ва ҳимоя қилишга тўлиқ тайёрмиз.

АҚШ қўшинларининг чиқиб кетиши афғон халқи учун ҳақиқий суверенитетга эришиш имкониятини англатади. Сўнгги 20 йил ичида 40 хил давлат Афғонистонга хавфсизлик кучларини жойлаштирди.

Эндиликда «Толибон» ва бошқа террористик гуруҳларга ҳарбий ёндашишга оид барча қарорлар Афғонистон ҳукумати томонидан қабул қилинади, шунингдек, «Толибон»нинг уруш учун асоси – бегона кучга қарши жиҳод – амал қилишдан тўхтайди.

АҚШнинг бу қарори «Толибон» ва уларнинг Покистондаги ҳомийларини ҳайрон қолдирди ва бу уларни танлов қилишга мажбур қилади. Улар ишончли манфаатдор томонларга айланадими ёки кўпроқ тартибсизлик ва зўравонликни кучайтирадими? Агар толиблар иккинчи йўлни танласалар, Афғонистон ҳарбий кучлари уларга қарши курашади. Уруш уларга абадий қабр тинчлигини ҳадя этади.

Бундай тақдирнинг олдини олиш учун «Толибон» Афғонистонга бўлган қарашлари ҳақидаги муҳим саволларга жавоб бериши керак. Улар ўтказилган сайловларни қабул қиладими? Барча афғонларнинг, шу жумладан, қизлар, аёллар ва озчиликларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ўз зиммаларига оладиларми?

Ушбу саволларга салбий жавобларни толибларнинг апрель ойи охирида Истанбулда бошланиши керак бўлган тинчлик конференциясидан чиқиш тўғрисидаги сўнгги қарори исботлади. Сиёсий келишув ва толибларнинг жамият ва ҳукуматга қўшилиши – бу олдинга силжишнинг ягона йўли. Улар шуни ҳисобга олиши керак, тўп уларнинг майдонига ўтди.

Афғон халқи истаётган келажак

Афғонистонликлар 90-йиллар даҳшатига қайтишни хоҳламайдилар. Биз тинчлик тасодифан келишини кутиб тура олмаймиз, балки уни ушлаб туриш учун атроф-муҳит ва платформани яратиш чораларини кўришда давом этамиз. АҚШнинг чиқиб кетиш хавфи оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилинмоқда, аммо биз реал таҳдидларни кўрмаяпмиз.

Барча халқаро манфаатдор томонлар ва афғон халқи суверен, исломий, демократик, бирлашган, бетараф Афғонистонни хоҳлайди. Афғонистон халқи ушбу ғояни 2020 йил августдаги тинчлик кенгашида қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Бу ғоя халқаро ҳамжамият томонидан 2020 йил март ойида БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2513-сонли резолюцияси қабул қилганида ҳам тасдиқланган.

Аммо «Толибон» нимани хоҳлаши унчалик аниқ эмас. Улар исломий тизимни талаб қилмоқдалар, аммо бу аллақачон Афғонистонда мавжуд. Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида сиёсий келишувга эришиш бўйича ҳар қандай музокаралар муваффақиятли ўтиши учун «Толибон» муҳим ва сўнгги талабномаларини аниқлик ва тўлиқ тафсилотлари билан баён қилиши керак.

Музокаралар ишончли ва нейтрал воситачини талаб қилади. Бу эҳтиёж Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ўртасида Доҳада бўлиб ўтган музокараларда таъкидланган эди. Музокаралар жараёнида бундай воситачининг етишмаётгани шу пайтгача уларни боши берк кўчага олиб кирди. Ушбу роль учун энг яхши номзод Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳисобланади.

Музокараларнинг биринчи мавзуси икки томон хоҳлаётган истакларни умумлаштириш, афғон халқининг кундалик ҳаётига тинчлик ва тотувлик олиб кириш, икки томон ўртасида бир-бирига нисбатан ишонч муносабатларини тиклаш ҳисобланади. Музокаралар пайтида юзага келган сулҳлар бузилиб кетмаслигининг олдини олиш учун халқаро кузатувлар бўлиши жуда муҳимдир.

Кейинги қадамда томонлар ўтиш даври маъмуриятини сайлаши керак. Ушбу ўтиш даври ҳокимияти қисқа муддат фаолият олиб боради ва у президент, парламент ва маҳаллий сайловлар мамлакатнинг янги раҳбариятини белгилаб қўйиши биланоқ тугайди. Мен бундай сайловларда ўз номзодимни илгари сурмас эдим ва агар менинг сайланган ворисим тинчлик учун келишувга эришишини англасам, амалдаги ваколатим расмий тугашидан олдин президентлик лавозимидан тезда воз кечаман.

Музокаралар толиблар Покистон билан муносабатларини тугатадими ёки йўқми каби қийин муаммоларга дуч келади. Шунингдек, музокаралар «Толибон»нинг «Ал-Қоида» билан давом этаётган алоқаларини кўриб чиқиши керак, бу ҳақда БМТ 2020 йилги ҳисоботида батафсил баён қилган.

Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» ИШИД, «Ал-Қоида» ва бошқа террористик гуруҳларга қарши ёндашув тўғрисида келишиб олиши ва бизнинг келишувимиз терроризмга қарши кураш учун бошқа давлатларнинг қўллаб-қувватлаш кафолатларини таъминлайдиган асосни ўз ичига олиши жуда муҳимдир.

Афғонистон ҳукумати ва «Толибон» келишувга эришгандан сўнг афғон халқи буни мамлакатимизнинг миллий консенсус қурилишининг энг юқори шакли: Олий Жирға, яъни ҳар бир вилоятдан келган эркаклар ва аёллар жамоат раҳбарларининг катта йиғилиши орқали тасдиқлаши керак бўлади. Сўнгги 20 йил ичида толиблар афғон жамиятига сингиб кетиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган ва Олий Жирға уларга аҳолининг барча қатламлари билан ўзаро алоқада бўлиши учун идеал имконият яратади.

Бизда тинчлик жараёнининг вақтинчалик ёки доимий бўлиш васвасаси доимо мавжуд, шунинг учун тинчлик музокаралари ҳукумат сайловларини биринчи ўринга қўйиши керак.

Ўтиш даври раҳбарияти иқтисодий ривожланиш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари ва бошқа давлатнинг асосий функциялари тўхтовсиз давом этишини таъминлаши керак. Ҳар қандай тўхташ афғон халқи ва иқтисодиёти учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади.

Икки томонлама ҳарбий асирларни озод қилиш ва сўнгги йигирма йиллик уруш давомида яқинларини, мол-мулкини ва тирикчилигини йўқотганларнинг шикоятларини кўриб чиқиш янги устувор вазифалар сифатида белгиланиши керак.

Янги сайланган ҳукумат тинчликни таъминлаш ва келишувни амалга ошириш учун муҳим вазифага эга бўлади. Бунинг учун конституцияга ўзгартиришлар киритиш талаб қилиниши мумкин. Киритилажак ўзгаришларнинг аниқ амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилиши лозим.

Шунингдек, янги ҳукумат қочоқларнинг (хусусан, Эрон ва Покистонга қочиб кетганларнинг) қайта интеграциялашуви, ички кўчирилган одамларни жойлаштириш, ўт очишни тўхтатиш, давлат муассасалари куч ишлатишида қонуний монополияга буйруқ берадиган вазиятга йўл қўймаслик ҳолатларини кўриб чиқиши керак.

Афғонистон минтақавий можаролар хавфини камайтириш учун доимий бетарафликни ўз зиммасига олиши керак. БМТ Бош Ассамблеяси ёки БМТ Хавфсизлик Кенгаши Афғонистоннинг нейтрал мақомини ўрнатиш ва расмийлаштириш учун идеал жой бўлади.

Олдинга йўл

Ҳатто идеал муҳитда ҳам адолатли ва барқарор тинчликка эришиш осон эмас. Афсуски, биз ишлаётган муҳит идеал эмас. Ушбу жараён издан чиқиши ёки бузилиши мумкин бўлган жуда кўп хавф мавжуд ва афғонлар тинчлик учун яна бир имкониятдан маҳрум бўлишлари мумкин.

Биринчидан, ноаниқлик тушунчаси. Оммавий ахборот воситаларида янграётган даҳшатли прогнозлар кўплаб афғонларни мамлакатни тарк этишга ундаши мумкин. Бу 2015 йилда юзага келган қочқинлар инқирозининг такрорланишига олиб келиши ва энг керакли пайтда истеъдодли одамлардан маҳрум бўлиш эҳтимолларимиз мавжуд.

Иккинчидан, бузилган ёки тартибсиз ўтиш мамлакат хавфсизлик секторидаги жараёнларга таҳдид солиши мумкин. Хавфсизлик кучлари етакчилик ва кўрсатмаларсиз қолмаслиги учун ҳокимиятни топширишда тартибли сиёсий жараён бўлиши керак. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар ва НАТОнинг ANDSF’ни молиялаштириш бўйича ўз мажбуриятларини бажариши жуда муҳимдир. Бу, эҳтимол, халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонда тинчликка муваффақиятли ўтиш босқичи учун қўшиши мумкин бўлган ягона муҳим ҳиссасидир.

Учинчидан, афғон сиёсий арбоблари тартибли тинчлик жараёни атрофида бирлашмаслик эҳтимоллари мавжуд. Биз нафақат ички сиёсий арбоблар ва афғон жамиятининг турли қатламлари, балки жараённи бузишга уриниши мумкин бўлган минтақавий актёрларнинг ҳаракатларини ҳам назоратга олишимиз керак.

Тўртинчидан, тинчлик учун асосий хавф бу «Толибон»нинг нотўғри қараши ва ҳисоб-китобидир. Толиблар ҳали ҳам НАТО ва АҚШни мағлубиятга учратганликлари ҳақидаги ўзларининг ривоятларига ишонишади. «Толибон» сиёсий раҳбарлари ҳеч қачон ўзларининг ҳарбий қисмларини тинчлик ғоясини қабул қилишга ундашмагани сабабли, энг катта хавф шундаки, толиблар сиёсий битим тузишга жиддий қизиқиш билдирмайдилар ва бунинг ўрнига доимий ҳарбий тажовузни танлайдилар.

Агар муроса кўчаси танланмаса, Афғонистон ҳукумати ва хавфсизлик кучлари буларни ҳам инобатга олган. «Толибон» билан тинчлик музокараларига тайёргарлик кўраётганимизда, биз ҳам уларни жанг майдонида кутиб олишга тайёрлигимизни билдирамиз. Сўнгги икки йил ичида афғон ҳарбий операцияларининг 90 фоиздан кўпроғи тўлиқ афғон хавфсизлик кучлари томонидан амалга оширилди. Толиблар зўравонликни танласалар, бу баҳор ва ёз ойларида катта тўқнашувлар юзага келади.

Покистоннинг минтақавий алоқалар, тинчлик ва фаровонлик йўлини танлаганида ҳам ижобий аломатлар мавжуд. Ушбу сўзлар Афғонистон билан муносабатларда бузғунчиликдан конструктив ёндашиш томон ўзгаришларни англатади. Энди бу сўзларни амалда қўллаш керак.

Покистон «Толибон»ни қўллаб-қувватлашни танласа, демак, Исломобод афғон миллати билан адоватни танлаган бўлади ҳамда тинчлик ва минтақавий алоқалар келтирадиган улкан иқтисодий фойда ҳақида орзу қилмаса ҳам бўлади. Покистон бизнинг қўшнимиз. Ўртамизда АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан кейин ҳеч қандай таъсир кўрсатувчи куч қолмайди. Исломобод тартибли тинчлик жараёнида шерик ва манфаатдор томон сифатида қатнашиши учун ҳали ҳам кеч эмас.

Биз Афғонистон келажаги учун музокаралар жараёнига ўтаётганимизда энг яхши натижаларга эришишга интиламан: суверен, исломий, демократик, бирлашган, бетараф Афғонистон. Бунга эришиш учун муросага келишга ва ҳатто қурбон бўлишга ҳам тайёрман.

Биз барча афғонлар ва уларнинг манфаатларини ифодаловчи аниқ йўналишни танлаб, шу йўлда ҳеч қачон орқага қайтмаслигимиз керак.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзу
АҚШнинг Афғонистондан кетиши
АҚШ Афғонистонда 20 йил давом этган ҳарбий кампаниясини тамомламоқда. Толиблар эса мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб олмоқда.
Барчаси
Top