18:00 / 11.05.2021
35559

«Қаерданлигимни айтганимда таксидан тушириб юборишган» – Тошкентда ўқиётган афғонистонлик талаба

Афғонистон – бизга қўшни ва қардош, шунингдек, доим дунёнинг диққат марказида бўлиб келган давлат. Бугунги меҳмонимиз ана шу давлат вакили Нақибулло Усмоний бўлди. Нақибулло Афғонистон Республикаси Фарёб вилояти Маймана шаҳрида истиқомат қилади. Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети магистранти. Нақибулло бир анжуманда «Афғонистонда 94 та телеканал фаолият юритади», деганди. Ана шу факт кўпчиликни ҳайрон қолдирди ва уни Kun.uz сайтига меҳмонга чақирдик.

– Биз Афғонистон деганда нотинч давлатни тасаввур қиламиз. Лекин нотинч давлатда 94 та телеканал фаолият юритиши ажабланарли ҳолат.

– Афғонистонда сўз эркинлиги юқори даражада. Буни мен ўзимнинг китобимда ҳам ёзяпман. Бизда оммавий ахборот воситалари фаол, 4-куч десам муболаға бўлмайди. Лекин бу соҳага тўсқинлик қилувчи бир қанча муаммолар ҳам бор. Масалан, яқин бир йил ичида 21 нафар журналист ўлдирилди. 94 та телеканал бор, 196 дан ошиқроқ радио ва 483 та расмий газета ҳамда 30 дан ортиқ алоҳида оммабоп сайт бор. Телерадиоканалларнинг ҳар қайсисида ўз сайти фаолият юритади. Ўзбек тилида хизмат қиладиган 6 та телеканалимиз ҳам бор.

Афғонистон оммавий ахборот воситаларида ҳам инсонлар фикрини айта олади, танқид бўлса, танқид ҳам қила олади. Эркинлик яратилган у ерда ҳам.

Иқтибос: Бундан 15–20 кун олдин Тошкентда бир кило помидор 22 минг сўмга чиқди. Ўша пайтда бизнинг Афғонистонда помидорнинг нархи 7 минг сўм эди.

– Юртимизга келганингизга 2,5 йил бўлибди. Келган вақтингиздаги Ўзбекистон билан ҳозирги Ўзбекистоннинг фарқи борми?

– Келганимга 2,5 йил бўлган бўлса, бу давр мобайнида Ўзбекистонда кўп ўзгаришлар бўлган. Юртингиз бундан-да кўп ўзгаради ҳали. Масалан, қурилишлар бўляпти, инсонларнинг яшаш шароитлари, яшаш тарзлари ўзгаряпти. Бунинг ўзига яраша яхши томонлари ҳам, ёмон томонлари ҳам бор, албатта. Ёмон томонлари – нарх-наво қимматлашяпти. Масалан, бундан 15–20 кун олдин бир кило помидор 22 минг сўмга чиқди. Ўша пайтда бизнинг Афғонистонда помидор нархи 7 минг сўм эди.

Кийим-кечак, озиқ-овқат ва ижара борасида ҳам шундай муаммоларга дуч келдик. Масалан, ижарада тураман, десангиз бу ерда бир ойлик нарх 300–400 доллар атрофида экан. Афғонистонда эса 5-6 ойга 300 долларга ҳамма шароитлари мавжуд турар жой топишингиз мумкин. Шунингдек, Тошкентда қурилиш жуда кўпайган. Аввал бу ерларда дарахтлар кўп жуда, чиройли эди. Мен ўзим биринчи марта келганимда шаҳар чиройини кўриб жуда ҳайратланганман. Инсоният, айниқса ўзбеклар, туркийларнинг ҳаёти дарахт, сув ва экин билан. Лекин дарахтлар камайиб кетмоқда, ҳар куни қурилиш ва бошқа сабаблар билан ўртача 20 та дарахтни кесишади. Айтмоқчиманки, Тошкент «яшил шаҳар» мақомини йўқотмоқда. Бу кетишда Тошкент ҳам Дубай сингари иссиқ шаҳарга айланиб қолиши мумкин.

– Ўзингиз истиқомат қиладиган она шаҳрингиз ҳақида ҳам гапириб ўтсангиз, ҳаёт қандай у ерларда?

– Мен Маймана шаҳрида яшайман. Отам шариат бўйича, исломий илмлар бўйича ўқитувчи. Аёлим ҳам Маймана шаҳри давлат университетида инглиз тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Бир ўғлим бор, исми Шоҳижаҳон. Бизда асосий муаммо нотинчлик. Нотинчлик бўлса, ҳамма нарса йўқотилади. Ҳаттоки инсонларнинг ишонч ва эътиқоди ҳам.

Ишсизлик даражаси юқори. Туманлар нотинч. Туманларда «Толибон» гуруҳи яшайди. Мен ўзим Фарёбдан Мозори Шарифга келгунимча 9 та жойда «Толибон» гуруҳи тўхтатиб сўроққа тутади. Фуқаролик сўрашади – тазкира деймиз биз, кимсан, нима иш қиласан, деб сўрашади, давлат одами бўлса, тушириб олишади-да, кейин нима қилишлари ўзларига аён. Мабодо армия ёки давлат хизматчиси бўлиб қолса, у билан бошқача муомала қилишади.

– Таълим тизими, хусусан, олий таълим тизими қандай?

– Таълим тизими яхши. Агар тинчлик бўлса, бундан-да яхши бўлиши мумкин эди. 300 га яқин давлат ва хусусий университетларимиз мавжуд. Мисол учун, мана, Мозори Шариф Термизга қўшни. Мозори Шарифнинг ўзида 18–20 та хусусий университет бор. Савол туғилиши мумкин, Афғонистонда шунча университет бўла туриб, нега айнан Ўзбекистонга келиб ўқияпман. Бунинг биринчи сабаби, менинг ўзбек миллатига мансублигим, мен ҳам ота-боболаримиз томонидан ўзбекман. Шунингдек, Навоий, Бобур каби боболаримиз бир бизнинг ва яна бир сабаби – ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, садоқати.

– Нақибулло, Афғонистонда Ўзбекистон ҳақида билишадими, юртимиз ҳақида қандай фикрдалар?

– Ўзбекистон ҳақида афғонистонликлар ижтимоий тармоқлар орқали ҳам яхши таниш. Айниқса, ўзбек маданияти, санъатини улар жуда ҳурмат қилишади. Ўзим ҳам Facebook орқали Ўзбекистоннинг расмларини кўп жойлаштираман. Ўзбекистон ҳақида ижобий фикрда афғон халқи. Чунки самимий, содиқ ва аён бир халқ ўзбек халқи.

– Ўзбекистонда охирги йилларда туризм ривожланяпти. Ўзбекистоннинг ўз анъанавий туризм шаҳарлари бор: Самарқанд, Бухоро, Хива каби. Мен Афғонистонга бормоқчи бўлсам, сиз давлатингизнинг қайси шаҳарларини тавсия қилган бўлардингиз?

– Афғонистон ҳам Ўзбекистонга ўхшаш чиройли бир ҳудуд. Диққатга сазовор жойлари жуда кўп. Айниқса, мен сизга тавсия қилар эдим – Ҳиротга, Навоий бобомизнинг шаҳрига боришни. Кобул шаҳри бор, у ерда Бобур боғи бор. Шунингдек, Мозори Шарифда ҳам темурийларга мансуб катта-катта бинолар бор. Ва шунга ўхшаш жойлар жуда кўп Афғонистонда ҳам.

Иқтибос: Афғонистон кўпчилик ўйлаганидек кўк ўт сингари ҳаммаёқни наша майдонлари қоплаб олган давлат эмас. Гиёҳванд моддалар Америкада ҳам, Англияда ҳам бор. Дунё жиноий иқтисодиётини ривожлантириб турган нарса қурол ва гиёҳванд модда савдоси.

– Афғонистон деганда кўпчиликнинг кўз ўнгида наркотик моддалар ва доимий жанг бўлиб турадиган ҳудуд гавдаланади. Дунё бўйича шаклланиб қолган бир фикр тўғрисида сўрашга мажбурман. Ўзингиз ҳам кўзингиз билан кўрганмисиз ёки сизнинг ҳудудингизда ҳам ўша наркотик модда етиштириладими?

– Бу саволингиздан кейин бир воқеа ёдимга тушди. Тошкентга энди келган пайтларим метрода кетаётсам, бир ўзбек йигит сўраяпти: ака, қаердансиз, туркмисиз, эронликмисиз, деди. Йўқ, афғонман, десам, автомат борми, наркотик борми, деб савол беряпти. Бу мен учун ҳақоратлигини билдирдим.

Айтишим мумкинки, наркотик моддалар Америкада ҳам, Англияда ҳам бор. Дунё жиноий иқтисодиётини ривожлантириб турган нарса қурол ва наркотик модда савдоси. 15 йил олдин ўз кўзим билан бир марта кўрган эдим. Аммо сўнгги йилларда қорадори майдонлари камайиб кетди, ҳатто журналист сифатида бир лавҳа тайёрлаш жараёнида мен ўша наркотик моддаларни тополмаганман. Албатта, узоқ ҳудудларда бор, лекин Афғонистон кўпчилик ўйлаганидек, кўк ўт сингари ҳаммаёқни наша майдонлари қоплаб олган давлат эмас.

Иккинчи ҳолатда дўстим билан такси тутдик. Ҳайдовчи аёл киши экан. Орқада дўстим билан афғонча гаплашиб кетаётсак: «Сизлар қаердан келгансизлар, миллатингиз нима?» деб сўради. Айтдик. Аёл машинани шартта тўхтатиб, тушишимизни талаб қилди. «Сизлар ёмон одамсизлар!» деди. Тушунтиришларимиз фойда бермади.

Афсуски, ватаним ҳақида ана шундай тушунча шаклланиб қолган...

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Top