14:41 / 11.05.2021
3246

“Қувасой цемент заводи”нинг эски қувурлардан фойдаланиши аҳоли эътирозига сабаб бўлди. Завод масъуллари изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда “Қувасой цемент заводидан кучли чанг чиқиб, шаҳар бўйлаб одамларни заҳарлаётгани учун Қувасой аҳолиси бундан шикоят қилиб чиқишмоқда” сарлавҳаси билан видеотасвир эълон қилинган. Видеотасвирдаги шикоятни масъуллар тан олди. Завод ускуналари 1950-йилларда ишлаб чиқарилган. 

2021 йилнинг 8 май куни  “Қувасойцемент” АЖнинг мажлислар залида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича Қувасой шаҳар назорат инспекцияси мутасадди раҳбарлари, журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтган.

Анжуманда цемент завод масъуллари берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарди. Жумладан, интернет тармоқларида тарқалган видеомурожаат бўйича бўлим бошлиқлари Алишер Аҳмедов ва Алишер Исамадияров қуйидагиларни маълум қилган. 

Таъкидланишича, завод ускуналари жуда эски бўлиб, 1950-йиллардаги қувурлардан фойдаланиб келади. Айниқса, сўнгги пайтларда 4 та қувурнинг  фильтр хизмат кўрсатиш муддати тугаб, чангни тўлиқ меъёрда ушлаш функцияси талаб даражасида ишламоқда ҳамда охирги чоракда вақти-вақти билан газ ва электр энергиясидаги узилишлар сабабли меъёридан ортиқ чанг атрофга тарқамоқда. Бунинг учун амалдаги қонун ҳужжатларига  асосан корхона томонидан давлатга ортиқча бож тўланиб келмоқда. 

Шунингдек, “Қувасойцемент” АЖ масъулларининг маълум қилишича, сўнгги йилларда Россия Федерациясидан янги электрон фильтр ускунаси олиб келиниб, 1-қувурга ўрнатилган. Ҳозирда 4 та қувурга ҳам фильтр ўрнатиш режалаштирилмоқда. 

Завод раҳбарияти мавжуд вазият эътиборга олиниб, тез кунларда ушбу муаммолар ҳал қилинишини билдирган. Бироқ анжуманда иштирок этган ОАВ ходимларининг “Корхонанинг санитария ҳимоя минтақаси неча метрни ташкил қилади ва ушбу масала бўйича қандай ишлар бажарилмоқда?” деган саволлари очиқ қолдирилган. 

Top