19:02 / 17.05.2021
6719

Навоийда газдан ноқонуний фойдаланиб келган иссиқхона эгаларига жиноий иш қўзғатилди

Фото: kawkazrg.ru

Навоий вилоятида газдан ноқонуний фойдаланиб келган иссиқхоналар эгаларига жиноий иш қўзғатилган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Навоий шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «I.» ва «S.» МЧЖга тегишли иссиқхоналарда газдан ноқонуний фойдаланиб келингани аниқланган.

Жумладан, «I.» МЧЖга тегишли иссиқхонада ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускунасини четлаб ўтиб, қўлбола усулда тайёрланган резина шланг орқали газдан ноқонуний фойдаланиб келганлик ҳолати аниқланган. Маълум бўлишича, бу иссиқхона «Навоий шаҳаргаз» филиали манфаатларига 357,4 миллион сўм зарар етказган.

Шунингдек, Кармана туманида фаолият юритаётган «S.» МЧЖга тегишли иссиқхона ҳам ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускунасини четлаб ўтиб, газдан ноқонуний фойдаланиб келган. Бу иссиқхона «Кармана тумангаз» филиали манфаатларига 95,9 миллион сўм зарар етказган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят кодексининг 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top