17:56 / 27.05.2021
9307

Акмалхон Ортиқов Coca-Cola Uzbekistan'даги давлат улушини сотишнинг якуний босқичи ҳақида маълум қилди

Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan'да давлат улушини амалга оширишнинг якуний босқичига яқинлашмоқда. Бу ҳақда бугун агентлик раҳбари Акмалхон Ортиқов айтиб ўтди.

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan'даги давлат улуши реализациясининг якуний босқичига яқинлашмоқдамиз», деди у Тошкентдаги халқаро хусусийлаштириш форумида сўзга чиқиб.

Унга кўра, йил охирига қадар «Ўзагроэкспортбанк» ва «Пойтахт банк», «Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи», «Кварц», «Трест-12», «Кафолат» суғурта компанияси, ёғ-мой корхоналаридаги давлат улушини сотиш режалаштирилган. 

Давлат активларининг бозор қийматини аниқлаш учун баҳолаш жараёнига халқаро тан олинган баҳолаш компаниялари (KPMG, Deloitte, PriceWaterhouseCoopers, Grant Thornton) жалб қилинган. Хусусийлаштиришдан олдинги тайёргарлик халқаро тан олинган консалтинг компаниялари томонидан ҳам амалга оширилади. 

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда Давлат активларини бошқариш агентлиги Coca-Cola Uzbekistan устав капиталида 57,1 фоиз сотилиши тўғрисида эълон қилди, қолган 42,9 фоиз эса The Coca-Cola Export Corporation (АҚШ)га тегишли. Давлатнинг ўз улушини сотиш режалари 2018 йилда маълум бўлди. 

Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd 1993 йилдан бери ишлаб келмоқда. Бугунги кунда қўшма корхона Тошкент, Наманган ва Урганчда жойлашган учта заводга эгалик қилади ҳамда Ўзбекистонда газланган ичимликлар ишлаб чиқарувчи энг йирик компания ҳисобланади. 2019 йилда компаниянинг бозордаги улуши қарийб 47 фоиз бўлган.

Top