15:53 / 27.05.2021
2066

Тошкент шаҳрида 9 млрд сўмлик ноқонуний олиб киришга уринилган товарлар тўхтатиб қолинди

Тошкент шаҳрида ноқонуний йўллар билан товарларни олиб кирилишининг олди олинди. Бу ҳақда Давлат Божхона қўмитаси ахборот хизмати Kun.uz'га хабар бермоқда.

 Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси “Чуқурсой” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида йирик миқдордаги товарларнинг юртимиз ҳудудига ноқонуний кириб келишининг олди олинди. Жумладан, божхона постига хориждан қиймати 406 минг доллардан ортиқ 3 турдаги товарлар келтирилган.

Мазкур товарларга электрон тақдим этилган божхона юк декларациясидаги “Ўсимлик асосидаги ганодерма экстракти” товарларинингташқи иқтисодий фаолият товар кодларида шубҳа уйғонганлиги сабабли божхона кўригидан ўтказилган. 

Товарларни кўздан кечириш давомида товар қадоғи устларига қўлбола тарзда товар ёрлиқлари ёпиштирилганлиги аниқланган. Шунингдек, ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, мазкур товарларнинг товар кодлари нотўғри таснифланиши натижасида 1 млрд 72 млн сўмлик қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Натижада, қиймати 9 млрд сўмни ташкил этувчи 48 952 қути “ўсимлик асосидаги ганодерма экстракти” товарлари вақтинча сақловга олиниб, ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top