11:35 / 27.05.2021
1720

Вилоят ҳокими Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби президенти билан учрашди

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби (ISMA) президенти, техника фанлари доктори, академик Роман Дьяконни ҳамда ушбу олийгоҳнинг Фарғона шаҳридаги филиали раҳбари профессор Сандра Плотани қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Қайд этилишича, ISMA раҳбарлари вилоят ҳокими билан учрашувда олийгоҳ фаолияти ҳақида, юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш, туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш, халқаро тадбиркорлик асосларини ўргатиш бўйича қилинаётган ишлар борасида маълумот беришган.

Учрашувда олийгоҳ Фарғона филиалида “Темир дафтар”га киритилган оилалар фарзандлари учун вилоят ҳокимлиги маблағлари ҳисобидан квоталар ажратилиши масаласи ҳам кўриб чиқилган. Шунингдек, олийгоҳ томонидан амалга оширилиши кўзланаётган, Фарғонада халқаро стандартларда таълим берадиган умумтаълим мактаби ташкил этиш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинган.

Аввалроқ Фарғона вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.

Top