12:04 / 02.06.2021
13316

«Депутатлар, ажратилган маблағни ҳисоблаб боринглар, назоратни сизлардан сўрайман» – президент

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан учрашув бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилди.

“Мен Сурхондарёга қарсак учун келмадим, аниқ натижалар учун келдим. Халқ депутатлари, қоғоз-қалам олиб ажратилган пулларни ҳисоблаб, ёзиб олинглар. Бунинг назоратини эртага сизлардан сўрайман.

Оилавий тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш дастурлари доирасида 727 миллиард сўм кредит ажратиш таъминлансин. 

Жорий йилда янги ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни ташкил этиш учун тадбиркорларга 1 минг 300 та ер майдони аукционда сотилиши таъминлансин.

Жорий йилда 50 минг нафар ишсизнинг жамоат ишлари, кооператив ва томорқа хўжалигида бандлиги таъминлансин. Бунга Бандликка кўмаклашиш ва Жамоат ишлари жамғармаларидан 32 миллиард сўм ажратилсин.

2021-2022 йилларда умумий қиймати 16 триллион 800 миллиард сўм (ёки 1,6 миллиард доллар) бўлган,  1 минг 177 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 25 мингта муқим янги иш ўринлари яратилади. 

Жумладан, вилоят саноатининг асосий йўналишларидан бири бўлган кўмир ишлаб чиқариш бўйича “Шарғункўмир” жамиятида қиймати 95 миллион доллар бўлган йилига 900 минг тоннагача тошкўмир қазиб чиқариш қувватига эга лойиҳа 1 октябрга қадар ишга туширилади. 

Қурилиш материаллари саноатида яқин 2 йилда жами қиймати 337 миллион доллар бўлган 170 та лойиҳа амалга оширилади.

Тўқимачиликда 2021-2022 йилларда 149 миллион долларлик 42 та лойиҳа амалга оширилади.

Термиз туманида жорий йилда “Инденим текстил” корхонасида, йилига 10 миллион дона тайёр маҳсулот, Қизириқ туманида “Қизириқ текстил” корхонасида 4 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Натижада, вилоятда ип-калавани қайта ишлаш даражаси 14 фоиздан 30 фоизга етказилади. Андижонда бу кўрсаткич 130 фоиз. Улар сизлар етиштирган пахтани ҳам қайта ишлаяпти”, – деди давлат раҳбари йиғилганларга қарата.

Top