20:53 / 02.06.2021
36340

Учинчи дунё мамлакатидан тараққиётнинг энг юксак даражасигача. «Сингапур мўъжизаси» ҳақида

Ўтган асрнинг 60-йилларида Африкадаги қашшоқ давлатлар қаторида эътироф этилган Сингапур кейинги 50 йил ичида ривожланиш стратегиясида фавқулодда жадал ўсиш суръатларини қайд этди. Қисқа муддат ичида улкан иқтисодий, молиявий ва инсон капиталини жамлашга муваффақ бўлган мазкур давлат тараққиётининг асосий омиллари нимада?

Мустамлакачилик зулми остида узоқ вақт жабр кўрган ва ўтган асрнинг 60-йилларида қашшоқ давлатлар қаторида бўлган Сингапур бир қанча омиллардан унумли фойдаланиш эвазига фавқулодда жадал ўсиш суръатларига эришди.

Қисқа муддат ичида Осиё минтақаси ва дунё сиёсий майдонида муҳим роль ўйнаш даражасига кўтарилди.

Кўпчилик мутахассислар ва экспертлар 1965 йилда мустақилликни қўлга киритган Сингапур яқин келажакда демографик танглик ва ишсизлик муаммосига дуч келишини прогноз қилишарди. Бу каби қарашларнинг юзага келишига икки сабаб бор эди.

Биринчидан, Сингапурнинг иқтисодий имкониятлари ва сиёсий тузуми ҳақида Ғарбда салбий кайфият юзага келганди.

Иккинчидан, Сингапур амалга ошираётган экспортга йўналтирилган саноатлаштиришнинг афзалликлари фанда назарий жиҳатдан ҳали тўлиқ асосланмаганди.

Бундан ташқари, ҳар бир давлат фаровонликка эришишни мақсад қилиб олар экан, биринчи ўринда ўз ривожланиш стратегиясини танлаб олади. Бунда ушбу мақсадга эришиш учун турли омиллар бор эди. Шундай омиллардан бири – бу етук бошқарувчиликка, сиёсий билимга ва маҳоратга эга бўлган етакчининг бўлишидир. ХХ асрнинг ана шундай сиёсий арбобларидан бири бу Ли Куан Юдир. Унинг даврида мамлакатда амалга оширилган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ Сингапур давлати бугунги кунда энг ривожланган давлатлар қаторидадир. Буни унинг тарихий тараққиёт йўлига назар ташлаш орқали ҳам билиб олиш мумкин.

Коррупцияга қарши кураш

Мустақилликнинг дастлабки йилларида бир томондан қонунчилик узоқ Англиядан, яъни Британия мустамлакачилари томонидан импорт қилинган, иккинчи томондан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар уюшган жиноятчиликка қарши курашиш қобилиятига эга эмасди. Амалдорларнинг аксарияти эса коррупция ботқоғига ботиб бўлганди. Аҳолининг кўпчилиги саводсиз бўлиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилолмасди. Мамлакат раҳбарлари коррупция ва ўзбошимчаликни илдизи билан қўпориб ташлаш кераклиги, бусиз мамлакатнинг келажаги йўқлигини тушуниб етади.

Шундай шароитда Ли Куан Ю мамлакатда муҳим чоралар кўриш ва махсус коррупцияга қарши қонунлар қабул қилиш муҳимлигини тўғри англай олди ва бу борада қатъий чоралар кўрди.

«Қачонки ҳокимият халқ ишончини оқлаш учун эмас, шахсий бойлик орттириш мақсадида фаолият юрита бошласа, бу ахлоқ муаммоси ҳисобланади. Узоқ вақт мавжуд бўлишини истаган жамият ҳалоллик принципига амал қилиши лозим, акс ҳолда миллат илдизи билан қурийди», дея таъкидлаган Ли Куан Ю Сингапур халқига қилган мурожаатида.

Сингапур тараққиётининг «ота»си ўз ҳокимиятининг дастлабки кунлариданоқ жамиятининг барча қатламларида коррупцияни йўқ қилиш бўйича кенг қамровли ва аниқ мезонларни ўз ичига олган дастур ишлаб чиқади. Мамлакатда коррупцияни тўхтатиб қолишнинг биринчи ўриндаги вазифаси ўлароқ мансабдор шахсларнинг ўз билганларича ҳаракат қилишлари имкониятларини камайтириш бошланади.

Мамлакатда коррупцияга қарши сиёсат миллий қадриятларга амал қилишдан кўра кўпроқ зарурият сифатида талқин этилади. Сингапур хорижий инвестицияларни мамлакатга жалб қилиш босқичида, аввало улардан нотўғри мақсадларда фойдаланиш имкониятини йўққа чиқарди. Мамлакатда айрим коррупция ҳодисалари рўй берганда унинг иштирокчилари тергов қилиниб, айбдорлар судланиб, қаттиқ жазога тортилган. Бунда Ли Куан Ю барчага, ҳатто ўз яқин қариндошларига нисбатан ҳам қаттиққўл ва адолатли сиёсат юритган, уларга ҳам бошқалар сингари оғир жазо қўлланган.

Ислоҳотлар акс-садоси ўлароқ, мамлакатда аҳоли ўртасида аксилкоррупция менталитети шаклланди. Коррупцияга қарши курашга раҳбарлик бевосита сиёсий раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ўзлари томонидан амалга оширилади, яъни давлат мансабдорлари бу жирканч иллат кенг қулоч ёймаслигидан биринчи ўринда манфаатдор ва бу жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланади.

Бугунги кунда мамлакат коррупцияга қарши курашишда иккита муҳим қонунчиликка асосланади: коррупциянинг олдини олиш тўғрисидаги қонун ҳамда коррупция, гиёҳванд моддалар савдоси ва бошқа оғир жиноятлар тўғрисидаги қонун.

Кўпчилик экспертлар «Сингапур мўъжизаси»нинг туб негизида ва мамлакатнинг бошқа қўшни мамлакатларга нисбатан мислсиз тараққиётида коррупцияга қарши курашда амалга оширилган ислоҳотларнинг ўрни беқиёс бўлганини таъкидлашади.

Маълумот ўрнида, Transparency International томонидан 2020 йил учун эълон қилинган рейтингда Сингапур коррупцияни қабул қилиш энг паст кўрсаткичли мамлакатлардан бири сифатида, дунё миқёсида Дания ва Янги Зеландиядан кейин 3-поғонада қайд этилган. Мос равишда ушбу рейтингда Ўзбекистон 180 давлат орасида 146-ўринни эгаллаган.

Иқтисодий ислоҳотлар

Сингапур Малайзия таркибидан ажралиб чиққан пайтда табиий ресурслар мавжуд бўлмаган, кичик бир ички иқтисодий бозорга эга эди, холос. Аҳолининг ярми саводсиз, ишсизлик 14 фоизга, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 516 АҚШ долларига тенг эди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида мамлакатда 7та асосий тараққиёт йўналиши – молия, транспорт хизматлари, логистика, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, рақамли иқтисодиёт ва илғор ишлаб чиқаришни ривожлантириш устувор йўналишлар сифатида танлаб олинган.

Сингапур иқтисодий тараққиётининг энг муҳим омилларидан бири сифатида қулай географик ҳудудда жойлашганини кўрсатиш мумкин. Малакка бўғози остонасида жойлашган бу ҳудуддан жаҳон денгиз савдо-сотиғининг 40 фоизи кесиб ўтади.

Шунингдек, мамлакатда белгиланган ислоҳотларни ўтказиш учун маблағ зарур эди. Шу мақсадда хорижий тадбиркор ва сармоядорларга турли имтиёзлар берилиб, мамлакатга жалб қилинди.

«Биз ҳар бир сармоядорни мамнуният билан кутиб олдик. Ишлаб чиқаришни бошлаш учун, уларга жон-жаҳдимиз билан ёрдам қилдик», деб ёзган Ли Куан Ю ўз таржимайи ҳолида.

Хорижий сармояларни мамлакатга жалб қилишни кучайтириш мақсадида дастлабки босқичда чет элликлар учун юз фоиз мулкка эга бўлиш ҳамда топилган фойдани тўлиқ олиб кетиш учун имкониятлар яратилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, хорижий сармоядорлар учун расмий имтиёзлардан кўра, мамлакатдаги сиёсий барқарорлик, адолатли қонунчилик ва ишчилар ҳаракати узра назоратнинг мавжудлиги муҳимроқ аҳамият касб этган.

Бош вазир топшириғига кўра, маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар ўртасида бизнесни осонлаштиришга оид сўровлар мунтазам ўтказилган, тадбиркорлар дардига қулоқ тутилган. Бунинг натижасида Сингапурда тадбиркорлик фаолияти кенг қулоч ёйди. Тадбиркорларнинг фаолияти ҳукумат томонидан рағбатлантирила бошланди. Бизнес соҳасида қонунчилик соддалаштирилди ва мамлакатда қабул қилинадиган қонунлар манфаатдор томонларнинг фикрларини ўрганиш билан биргаликда олиб борилди.

Натижада кўпгина халқаро трансмиллий компаниялар Сингапурда кенг кўламли юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун пойдевор қуришади.

Маълумот учун, Жаҳон банкининг «Бизнес юритиш 2020» йиллик ҳисоботида бизнес юритиш қулайлиги бўйича Сингапур 2-поғонада қайд этилган.

Бугунги кунда Сингапурда 5,7 миллион аҳоли истиқомат қилади ва мамлакат ЯИМ 379 миллион долларга тенг. Ишсизлик даражаси 2,6 фоиз. Йиллик даромад ҳар бир фуқарога 60 минг доллардан юқори ҳисобланади.

Ижтимоий ислоҳотлар

Кўпчилик томонидан Малайзия таркибидан ажралиб чиққан бу митти мамлакат тез орада демографик тангликка дуч келиши прогноз қилинганди. Сабаби мамлакат аҳолисининг асосини хитойликлар ва малайяликлар ташкил этарди. Шунингдек, мамлакатда катта миқдорда ҳинд диаспораси ҳам мавжуд эди. Мутахассислар 3та катта цивилизация вакилларидан таркиб топган мамлакат тез орада этник низолар ўчоғига айланиб қолишини тахмин қилишади. Ҳукумат турли миллат вакиллари тинч-тотув яшаши учун чоралар кўрди. Уларга баъзи имтиёзлар белгиланди. Масалан, малайялик ва хитойлик турмуш қурса уларга коллеж таълими кафолатланди. Бундан ташқари, бу оилаларга ҳукумат томонидан маълум миқдорда ёрдам ҳам бериладиган бўлди, яъни бу турли цивилизацияга мансуб миллатларни бир-бири билан аралаштириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилди.

Бошланғич иқтисодий режада кам даромадли одамларга қўшимча иш ўринларини яратиш орқали ишсизлик муаммосини ҳал қилишга эътибор берилди.

Мамлакатда ижтимоий соҳада амалга оширилиши керак бўлган энг устувор йўналиш сифатида ҳукумат дастлаб уй-жой масаласига эътибор бера бошлади. Шуни ҳисобга олган ҳолда уй-жой қуриш лойиҳаси қабул қилинди. Натижада Сингапурда замонавий уй-жойлар қурила бошланди. Уйлар аҳолининг ижтимоий келиб чиқишига қараб белгиланди. Кам таъминланган аҳолига турар жойлар бепул берилди.

Иккинчи ижтимоий соҳада амалга оширилган ислоҳотлардан бири бу таълим тизимидир. 1966 йилдан ёшлар учун икки тилли мактаблар жорий этилди. Кейинчалик эса бу тизим кенгайиб тўрт тилли мактаблар ҳам жорий этилди. Инглиз тили иккинчи таълим тилига айлантирилди. Чунки тижорат тили бўлган инглиз тилини ўқитиш кўпчилик ота-оналар учун маъқул эди.

Таълим соҳасидаги экспертларнинг фикрича, Сингапур иқтисодий тараққиёт ва турмуш даражасини юксалтиришни таълим билан боғлаган. Хусусан, бу ерда биринчи ўринда таълим бериш стандарти ишлаб чиқилади. Бунинг учун катта маблағ сарф қилинади. Айниқса, энг яхши ўқитувчиларни жалб этиш ва уларнинг нуфузини оширишга аввалбошиданоқ алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозир ҳам Сингапурда ўқитувчиларни жаҳоннинг энг нуфузли таълим муассасалари битирувчилари орасидан ёллаш анъанаси сақлаб қолинган.

Ли Куан Юни «иқтидорларнинг раҳнамоси» дейишар эди. У иқтидорли фуқароларни масъулиятли лавозимларга қўйиш ва уларга яхши маош тайинлашга ҳеч қачон иккиланмаган. Шу билан бирга, Сингапурда мансабни суиистеъмол қилиш ҳам қаттиқ жазоланган.

Хулоса ўрнида

Уддабурон етакчилик ва тўғри ташкил этилган бошқарув натижасида мазкур қашшоқ давлат жаҳоннинг беқиёс қазилма бойликларига эга бўлган кўплаб мамлакатларини бир қанча соҳаларда ортда қолдирди. Ўз фуқаролари учун эркин ва фаровон жамият тақдим қилди. Ҳалоллик принциплари асосида юқори салоҳиятли одамлар миллатга бош бўлишди ва кенг кўламли ишбилармонлик муҳити яратилди.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Top