23:08 / 03.06.2021
6964

Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт вазирликлари вакиллари Панжикент-Самарқанд темир йўл қурилишини муҳокама қилди

Томонлар эпидемиологик талабларга риоя қилган ҳолда мамлакатлар ўртасидаги авиақатновларни ҳамда «Бекобод-Истиқлол-Бекобод» темир йўл участкаси ва «Патар-Андархон» назорат-ўтказув пункти орқали юк ташишни тиклаш имкониятини кўриб чиқди.

Фото: Тожикистон транспорт вазирлиги

Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт вазирлари ўринбосарлари Абдусамат Мўминов ҳамда Шоиста Саидмуродзода Панжикент (Тожикистон) ва Булунғур/Жомбой (Ўзбекистон) участкасида янги темир йўл линияси қуриш лойиҳасини муҳокама қилди. Бу ҳақда Тожикистон транспорт вазирлигига таяниб Азия-Плюс хабар берди.

Хабарда айтилишича, шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги «Ўзбекистон ҳудуди орқали хавфли юкларни транзит қилиш тўғрисида»ги келишув лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, томонлар эпидемиологик талабларга риоя қилган ҳолда мамлакатлар ўртасидаги авиақатновларни ҳамда «Бекобод-Истиқлол-Бекобод» темир йўл участкаси ва «Патар-Андархон» назорат-ўтказув пункти орқали юк ташишни тиклаш имкониятини кўриб чиқди.

Вазирликнинг қайд этишича, учрашув якунларига кўра тегишли протокол имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, 10–12 июн кунлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга расмий ташрифини амалга оширади.

Top