09:17 / 03.06.2021
15924

«Тошкентдаги қурилишлар жуда катта миқдорда қум ва чангнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда» - «Ўзгидромет»

“Ўзгидромет” Ўзбекистонда тез-тез кузатилаётган қум бўронлари пайдо бўлишининг сабабларини тушунтирди.

“Барчага яхши маълумки, кучли жала ёмғирлари кузатилганда тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел тошқинлари вужудга келади. Чангли бўрон – бу атмосфера ҳодисаси бўлиб, Ер юзидан катта миқдордаги қум ва чангларнинг кучли шамол таъсирида кўтарилишидир. Бизнинг ҳудудимизда бундай жараёнлар кўпинча баҳорда ва ёзнинг бошида ривожланади”, дейилади маълумотда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон, шунингдек Марказий Осиёнинг барча ҳудудлари учун чангли бўрон жуда тез-тез учрайдиган ҳодисадир. Кўпинча бундай ҳодисалар қурғоқчил жойларда - чўл ва ярим чўл ҳудудларда содир бўлади.

Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон ҳудуди бўйича бир нечта чангли бўрон ҳодисалари кузатилди. Тошкентда ҳам 29 май куни шиддатли кучли шамол ҳисобига чангли бўрон кузатилди. 

“Тошкент қурғоқчил ҳудуд деб ҳисобланмайди, лекин сўнгги йилларда Ўзбекистонда ва Тошкент шаҳрида жадал суръатлар билан олиб борилаётган қурилишлар жуда катта миқдордаги қум ва чангнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда, улар ҳатто кучсиз шамол эсганда ҳам ҳавога кўтарилади”, дейилади “Ўзгидромет” хабарида.

Билдирилишича, Қўшработ (Самарқанд вилояти) метеостанциясида соат тахминан 15:18ларда шимоли-ғарбдан кучли шамол бошланиб, 20 м/с гача етган, шунинг оқибатида қумли бўрон кўтарилган ва тахминан 16:20ларда тинган.

Top