13:55 / 16.06.2021
39572

5435-навбат. Тошкент шаҳри ҳокимлиги қандай қилиб Cobalt’ни бир кунда, навбатсиз сотиб олди?

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокимияти Cobalt русумли автомобилни навбатсиз, бир кунда харид қилгани ҳақида хабар тарқалди.

«Ўзавтосаноат» ботидан олинган скриншотда Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан нархи 116 млн 495 минг сўмлик Cobalt автомашинасига берилган буюртма акс этган. Суратда буюртма 15 июнь куни 5 минг 435 ўринда берилгани ва машина ўша куннинг ўзида тайёр бўлгани кўринади.

Шу сабабли тармоқ фойдаланувчилари навбатда турган 5 минг 435 нафар аҳоли нега кутиши-ю, ҳокимлик машинани навбатсиз ва бир куннинг ўзида олиши борасида эътироз билдиришмоқда.

Kun.uz мухбири мазкур ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида «Ўзавтосаноат»АЖ билан боғланди. Компания манбаси бу масала бўйича алоҳида муносабат билдирилишини, ҳозирда ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Хўш, минглаб одамлар буюртмаси тайёр бўлишини кутаётганда давлат ташкилоти навбатсиз харид қилишга ҳақлими? Kun.uz компаниядан мазкур саволга жавоб кутади.

Top