07:34 / 26.06.2021
2748

Ўзбекистонда марказлашган иссиқлик тармоқларининг 2000 километр қисми яроқсиз аҳволда 

Ўзбекистонда марказлашган иссиқлик тармоқларининг 2 000 километр қисми яроқсиз аҳволда бўлиб, тармоқдаги йўқотишлар ўртача 40 фоизни ташкил этмоқда. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Шерхон Суяров маълумот берди.

Қайд этилишича, республикада жами 38 229та кўп квартирали уйларда 1 млн 228 мингта хонадонлар мавжуд бўлиб, шундан 833 минг 547та хонадон марказий ва маҳаллий қозонхоналар, индивидуал иситиш қозонлари, контрамарка ва голланд печлари орқали иссиқлик энергияси билан таъминланган. Қолган 17 625та кўп квартирали уйлар, яъни 395 204та хонадон бошқа турдаги иситиш ускуналари ва қўлбола иссиқлик мосламаларидан фойдаланиб келмоқда.

Бугунги кунда республика бўйича марказлашган иссиқлик тармоқларининг 2 000 км бўлган қисми яроқсиз аҳволда бўлиб, тармоқдаги йўқотишлар ўртача 40 фоизни ташкил этмоқда. Бу каби йўқотишларнинг олдини олиш ва иссиқлик таъминоти соҳасида 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида, қозонхоналардаги ёрдамчи ускуналар ҳамда иссиқлик тармоқларини мавсумга пухта тайёрлаш ишлари амалга ошириш ишлари давом этмоқда.

Шу билан бирга, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш жараёнида республика ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 51та қозонхона, 715та қозон жиҳозлари, 200 км узунликдаги иссиқлик тармоқларини мукаммал таъмирлаш, 140та насос агрегатларида мукаммал ва жорий таъмирлаш, 100 км.дан зиёд иссиқлик тармоқлари ҳамда иссиқлик қопламаларини тиклаш ишлари амалга оширилади. 

Top