14:29 / 27.06.2021
15974

«Одамлар ўз фикрини ўзлари билдириши керак, журналистдан қалқон бўлишини кутишмасин» — Навбаҳор Имомова билан суҳбат

Четдан назар солганда Ўзбекистонда бугун сўз эркинлиги, журналистика ва журналистларнинг фаолияти қай аҳволда? «Америка овози» телерадиожурналисти Навбаҳор Имомова шу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди.

«Ҳар қандай жамиятда оммавий ахборот воситалари динамикани тебратади. Ҳар бир ОАВнинг ўз қараши бор, ўз талқини бор», дейди Навбаҳор Имамова Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Маҳаллий масала аслида глобал масала

«Матбуот нимани кўтара олаётгани ва нималарни ёрита олаётганига қараб, унинг қай даражада эркинлигини билиш мумкин. Шу фикрга асосланиб, журналистларни «жамият барометри», деб ҳам аташ мумкин.

Фарғона водийси вилоятлари Ўзбекистоннинг аҳоли энг зич жойлашган қисми. Айтган бўлардимки, бу ерда матбуот энг фаол минтақа ва журналистлар билан гаплашиш ниҳоятда қизиқ. Ҳар бирининг ўз қараши бор, ҳар бир ОАВнинг ўз талқини бор.

Вилоятдаги журналистлар билан солиштирганда, пойтахтдагилар кўпроқ сиёсий жараёнларни ва расмий тадбирларни ёритишади, маҳаллий масалалар билан у қадар таниш эмаслар. Бу ҳар қандай пойтахтга хос ҳолат. Масалан, мен ўзим ҳам Вашингтонни ёритаман, одатда, вақти-вақти билан штатларга ҳам чиқаман.

Вилоятларда эса кўпроқ маҳаллий масалалар журналистлар эътиборида бўлади. Маҳаллий масала аслида глобал масала, яъни Ўзбекистонда аҳоли юзлашаётган иқтисодий ва ижтимоий масалалар ҳаммаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Чунки бутун дунёда инсонлар шу масалалар билан курашишади».

Ўзбекистондаги ҳолат бошқа давлатлардаги медиа муҳитдан қолишмайди

«Икки йил аввал Ўзбекистон журналистлари билан суҳбатлашганимда, матбуот анжуманлари, медиа турлар кўпайгани ва матбуот хизматлари жонлангани ҳақида айтишган эди.

Бугун эса кейинги масалаларга ўтилган, яъни қачон нимани ёритиш керак, қайси мавзуларга кўпроқ вақт ажратиш керак, ресурсни нимага сарфлаш керак, деган саволларга ўтилган. Сал бўлса ҳам олдинга силжиган, дея оламан.

Журналистлар орасида ўзаро дебат бор, рақобат бор. Бу жиҳатдан Ўзбекистон бошқа давлатлардаги медиа муҳитдан қолишмайди. Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги қай даражада эркинлиги нисбий масала, шундай ОАВлар бор, улар қайсидир даражада эркинлик меъёрларини ўзлари белгилашяпти, ўзлари истаган мавзуларни ёрита олишяпти».

Бизни ёқтиришлари шарт эмас, ҳурмат қилишлари ва ишонишлари керак...

«Бу — профессионал, буниси эса профессионал эмас, ишини эплолмаяпти», деган таъна-дашномлар кўплаб ёш ва ўзича эркин ижод қилмоқчи бўлганларни синдириб қўйяпти.

Журналистларнинг ҳам хато қилишга, қоқилишга ҳаққи бор. Манаман деган дунёдаги етакчи ОАВларда ҳам сифатсиз ва яроқсиз материаллар чиқиб қолади.

Ҳукуматдан энг кўп эшитадиган гапим: журналистлар профессионал эмас. Бу баҳони мен асоссиз деб ҳисоблайман. Шу гапни эшитганимда уларга ўзингиз-чи, деган саволни қўяман. Журналистми, блогерми, юрагида «ўти» бўлса — ишлайвериш керак».

Холис бўлиш нохолис бўлишдан каррасига осонроқ...

«Аслида, холис бўлиш катта масъулият талаб қилмайди. Биз билганимизни айтамиз, борини беришимиз керак. Кимнингдир устидан қозилик қилишимиз, «бу тараф айбдор, бу тараф айбсиз», дейиш бизнинг ишимиз эмас.

Оддий одамлар билан гаплашишга ҳаракат қилганимда, уларнинг аксарияти микрофондан қочишади. Микрофонни йиғиштирсангиз, қулоқ-миянгизни ейдиган даражада кўп гапиришади. Чунки дард кўп.

Улар қийналиб турган бўлса ҳам ҳукуматга раҳмат айтишади, мақташади, ҳатто мутасаддилар ҳам. Айтмоқчи бўлганим — халқ ҳам масалаларга қайсидир даражада виждонан қарай олиши керак. Агар одамлар ўзлари гапириб бера олмасалар, журналистдан қалқон бўлишни кутмасинлар! Чунки журналист халқнинг овозини олиб чиқади. Агар овозингизни ўзингиз бўғаётган бўлсангиз, сизда ўз фикрингизни айтишга жасорат бўлмаса, нега журналист сиз учун ўзини қурбон қилиши керак?!»

Ҳукуматнинг ҳам дарди кўп, улар ҳам гапиришни хоҳлайди...

«Ҳар бир мутасадди ҳам бемалол гапира олмайди, ҳамон ўша қўрқинч бор, лекин олдингига қараганда гапирадиганлар кўп, олдингига қараганда медианинг ролини тўғри баҳолай оладиганлар кўпайган. Улар билишадики, Ўзбекистонда журналистлар профессионаллашишидан улар биринчи галда манфаатдор».

Юлдуз Юлдашева суҳбатлашди.

Top