16:01 / 07.07.2021
23795

Дарахтлар «қирғин»и давом этмоқда, байроқ бу гал Иштихонда

7 июль куни Самарқанд вилояти Иштихон тумани марказида ярим асрлик қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташланди. Туман марказига кириб борувчи йўлнинг икки ёнидаги мазкур манзарали дарахтлар кўп йиллардан буён йўл ва атрофини соялаб турарди.

Kun.uz мухбирлари ҳолатни ўрганиш учун борганида туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ходимлари кесилган дарахтларни санаётгани устидан чиқди. Туман экология вакилларига кўра, дарахтларни кесиш учун рухсат олинмаган.

Туман ҳокимлиги вакиллари аввалига бу дарахтлар ўзи чириб қолгани, йўлни кенгайтиришга халал бергани, шу сабабдан олинганини маълум қилди. Кейинроқ эса, кучли шамолда дарахтлар синиб одамлар ҳаётига хавф солгани учун кесишга мажбур бўлишганини айтишди.

Туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Иштихон туман инспектори Сафарбой Абдуллаев дарахтларни кесишга рухсатнома берилмаганини тасдиқлади.

«Бундан икки кун олдин туман ободонлаштириш туман бўлими ходимлари келиб мазкур дарахтлар шохлари кучли шамолда эгилиб, синиб, одамлар ҳаётига, машиналарга хавф солаётгани ҳақида мурожаат қилганди. Биз масъулларга дарахтларни кесиш тартиб қоидаларини тушунтирдик. Аммо рухсат берилган эмас, бизда бу ваколат ҳам йўқ. Ҳозирги ҳисоб-китобимизга кўра, иккита шумтол дарахти ва олтита заранг дарахти кесилгани аниқланди. Бу дарахтлар қимматбаҳо дарахт турларига киради. Ҳозирда жарима қўллаш учун ҳужжатлар тайёрланмоқда», деди у.

Айтиш лозимки, ҳолатни ўрганиш давомида бир неча тушунмовчилик ҳолатлари ҳам учрамоқда. Айтайлик, ҳокимлик қурилиш бўлими вакили ҳолат юзасидан бу ишга алоқадор туман йўл қурилиши бўлими томонидан расман изоҳ берилишини маълум қилди. Орадан бироз вақт ўтиб бу иш ободонлаштириш бўлими айби билан содир бўлгани айтилди.

Туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими вакиллари ҳам дарахтларни ободонлаштириш бўлими кесганини айтмоқда. Ободонлаштириш бўлими бошлиғи эса дарахтларни кесишга бу ташкилотнинг мутлақо алоқаси бўлмагани ҳақида айтиб, дарахтларни ким кесгани юзасидан мутасаддилар суриштирув ўтказиб, холис хулоса беришига умид қилиб қолишини билдирди.

Қизиқ. Шу бугун кесилган дарахтларнинг аллақачон «эгаси» йўқ. Ҳақиқатан ҳам, ҳолат тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилиши ва баҳо берилиши лозим.

Иккинчи томондан, туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими айрим дарахтлар қариб қурт тушганини маълум қилишмоқда. Кесилган дарахтларнинг ёшини сўраганимизда, 35-50 ёшгача экани айтилди. Бу дарахт турларининг биологик ёши эса 100 ёшгача. Бу маълумотни ҳам айнан экология вакиллари айтмоқда!

«Қариган, қурт тушган ва чириб қолган» дарахтлар

Яна бир ҳолат шуки, туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими дарахтлар касаллангани ва қариганини айтаётган бўлса, вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакили дарахтлар соғлом экани ва бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш кераклигини таъкидламоқда. Тасвирлардан ҳам кесилган дарахтларнинг ям-яшил баргларига гувоҳ бўлиш мумкин. Қолаверса, ўрганиш жараёнида кесиш бошланган, аммо нима сабабдандир қулатиш даражасига етмай қолган, «омон қолган» дарахтлар ҳам учради.

Фикримизча, аравани турли томонга тортишнинг ҳам, ҳолатни хаспўшлашнинг ҳам ҳожати йўқ. Дарахтларни кесишни бас қилиш, айбдорларга эса ҳуқуқий баҳо бериш шарт.

Анвар Мустафоқулов, Kun.uz мухбири,
Фахриддин Ҳотамов, тасвирчи.

Top