07:18 / 07.07.2021
1706

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида иш бошлаган “Иннопром” халқаро саноат кўргазмасида Фарғона вилояти стенди намойиш қилинди

“Россиянинг Екатеринбург шаҳрида “Иннопром” халқаро саноат кўргазмаси иш бошлади. “Екатеринбург-Экспо” кўргазмалар мажмуасида ташкил этилган ҳамда 8 июлгача давом этадиган тадбирда Фарғона вилояти ҳам ўз стенди билан иштирок этмоқда", - дея хабар қилмоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати. 

Қайд этилишича, Вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Иқболжон Эргашев бошчилигидаги делегация кўргазма ишида қатнашиш ҳамда 4 кун давомида ташкил этиладиган конференция ва семинарларда иштирок этиш, иштирокчи мамлакатлар ҳудудлари билан тўғридан тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун Екатеринбургда бўлиб турибди.

“Мослашувчан ишлаб чиқариш” шиори остида бўлиб ўтаётган кўргазманинг очилиш маросимига Россия Бош вазири Михаил Мишустин ташриф буюрган. 

Россия, Япония, Германия, Италия, Венгрия, Белорусь каби мамлакатларнинг илғор саноат корхоналари иштирок этаётган кўргазма 40 минг квадрат метр майдонда ташкил этилган.

Аввалроқ, Фарғона вилояти делегациясининг Қирғизистоннинг Норин вилоятига ташрифи доирасида 3,48 млн долларлик экспорт шартномалари имзолангани ҳақида хабар берилган эди.

Top