17:42 / 14.07.2021
1214

Паркент туманида қарийб 90 миллион сўмлик дори воситаларини ноқонуний сотган шахс ушланди

Паркент туманида дори воситаларининг ноқонуний муомалага киритилиши олди олинган. Қарийб 90 миллион сўмлик дори воситаларини ноқонуний сотган шахс ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Паркент туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, дори воситаларини ноқонуний муомалага киритиш орқали даромад орттиришни кўзлаган фуқаро У.Ю. ушланган. У, хорижда ишлаб чиқарилган «Тисовир» (Фавипиравир) номли дори воситасининг ҳар бир қутисини 295 минг сўмдан ҳисоблаб, харидорга 300 қути дорини 88,5 миллион сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Top