17:05 / 16.07.2021
12210

“Кутиб ўтирмаслигимиз керак” — Умрзоқов иқтисодий лойиҳаларни Афғонистондаги тинчлик жараёнлари билан параллел амалга оширишга чақирди

Тўғри, хавфсизлик – бу жиддий масала, бироқ биз ҳаммаси ҳал бўлгунига қадар кутиб ўтиришимиз керак эмас, савдо-иқтисодий лойиҳаларни Афғонистонда тинчликка эришиш ҳаракатлари билан параллел равишда олиб боришимиз керак, дея баёнот берди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умрзоқов.

Фото: Президент матбуот хизмати

Минтақа давлатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаларини Афғонистонда тинчликка эришиш жараёнлари билан бир вақтда олиб бориши керак, дея ҳисоблашини билдирди Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умрзоқов.

Ташқи савдо вазири Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларининг Тошкент форуми доирасидаги чиқишида шу ҳақда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Биз шу йил апрелда бошлаган жуда қизиқ ва ноёб тажриба ҳақида айтмоқчиман. Гап шундаки, биз Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида темир йўл қуриб битказилишини кутиб ўтирмаслигимиз керак, деган қарорга келдик. Шу сабаб Ўзбекистондан Афғонистон орқали ўтиб Покистонга чиқувчи мультимодал транзит коридоридан фойдалана бошладик.

Юк ташувчи машиналаримиз бу коридор орқали Покистондан Ўзбекистонга етиб келиши учун 2 кун кифоя қилди. Бу шуни англатадики, мақсадимизни амалга оширса бўлади, биз буни уддалай оламиз ва уддалашимиз ҳам керак”, – таъкидлади ҳукумат аъзоси.

Фото: Президент матбуот хизмати

Сардор Умрзоқов 15 июл куни Ўзбекистон–Покистон ишбилармон доиралари ўртасида кечган бизнес-форумда Покистондан юздан ортиқ, Ўзбекистондан икки юздан ортиқ тадбиркор қатнашгани, улар 500 млн доллардан зиёд қийматдаги келишувларга эришгани, ўтган ойда шундай бизнес-форум Термизда афғонистонлик тадбиркорлар билан ҳам худди шундай муваффақиятли тарзда бўлиб ўтганини қайд этди.

“Форум иштирокчиларининг барчаси биз ўзаро савдо алоқаларимизни кенгайтириш бўйича барча имкониятлар, жумладан юк машиналари, темир йўл ва ҳаво транспортидан фойдаланишимиз кераклиги борасида якдил фикр билдирди.

Бу билан нима демоқчиман? Биз ҳамжамиятлар ўртасида ҳамкорлик қилишга катта эҳтиёж бор. Қолаверса, ҳукуматлар ўртасида ҳам бир-бирини тушуниш даражаси жуда юқори. Давлатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради ва биз мавжуд имкониятлардан албатта фойдаланишимиз керак.

Тўғри, хавфсизлик – катта масала. Мен шу ердан туриб шуни айтмоқчиманки, кеча Ўзбекистон президенти Афғонистон президенти ва Покистон бош вазири билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказди. Бу учрашувларда хавфсизлик масаласи ҳам кўтарилди. Якунда учала томон ҳам шу йил февралда Тошкентда имзоланган “Йўл харитаси”ни амалга оширишда давом этиш фикрида қатъий эканини тасдиқлади.

Биз кутиб ўтиришимиз керак эмас. Мен Афғонистондаги сиёсий ва хавфсизликка оид масалалар ҳақида атрофлича тўхталмоқчи эмасман, айтмоқчиманки, ҳаммаси ҳал бўлгунига қадар кутиб ўтиришимиз керак эмас. Савдо-иқтисодий соҳадаги лойиҳаларимиз Афғонистондаги сиёсий ва тинчликка эришиш жараёнлари билан параллел равишда бориши зарур”, – деди Умрзоқов.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” трансафғон коридори қурилишини Тошкент конференцияси иштирокчиларининг барчаси қўллаб-қувватлаётганини қайд этди.

“Биласизми, кеча жуда қизиқарли бўлди: минтақа мамлакатлари вакиллари бир-бири билан суҳбатлашаркан, улар қурилажак темир йўл ким учун кўпроқ фойдали экани бўйича дўстона баҳсга киришдилар: бирлари бу темир йўлдан сизлар кўпроқ манфаатдорсиз деса, яна бирлари: “Йўқ, йўқ, менимча, бу лойиҳага сизлар кўпроқ қизиқиш билдиришингиз керак”, дейишди. Ва бу муҳокамаларнинг барчаси самимий, ижобий руҳда бўлди. Буни кўриб, бошқа мамлакатлардаги ҳамкорларимиз ҳам бу лойиҳаларни қатъиян қўллаб-қувватлаётганидан мамнун бўлдик”, – деди у.

Мавзу
Тошкент конференцияси
15-16 июль кунлари Тошкентда Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари конференцияси бўлиб ўтди.
Барчаси
Top