18:24 / 17.07.2021
15480

Афғонистондаги урушнинг давом этиши этник ва диний бўлинишга олиб келиши мумкин — Сиёсий фанлар доктори

«Толибон» Афғонистон бўйлаб ўз назоратидаги ҳудудлар сонини ошириб бориши қўшни давлатларни ҳушёр торттирмоқда.

Фото: ЎзА

Айни кунларга келиб ҳаракат Афғонистонда сўнгги 20 йилликдаги энг кўп ҳудудларни ўз назоратига олган.

Афғонистонда «Толибон» таъсирининг ортиб бориши Марказий Осиё хусусан, Ўзбекистон учун нимани англатади? Унга таҳдид деб қараш керакми ёки аксинча?

Ғарб кучларининг кетиши ортидан Афғонистонда қандай ўзгаришлар кузатилиши мумкин? Президент Ашраф Ғанининг «Толибон»ни уч ойда енгиш ваъдаси қанчалик ҳақиқатга яқин?

Kun.uz мухбири мавзу бўйича Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори, сиёсий фанлар доктори Абдусамат Ҳайдаров билан интервью уюштирди.

— «Толибон» ҳаракати ҳақида фикрларингиз ҳамда бугун унинг ортида қандай кучлар турибди?

— Маълумки, «Толибон» ҳаракати 1990-йилларнинг бошларида Покистонда  ташкил топган ва 1996 йилда Кобулда ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг Покистон, Саудия Арабистони ва БАА томонидан тан олинган. Халқаро сиёсатшуносларнинг фикрича, ўша пайтда «Толибон» асосий ёрдамни Покистон ва айрим мусулмон давлатларнинг хусусий фондларидан олди. Афғонистон ҳукумати 2002 йилдан бери Покистонни толибларни қўллаб-қувватлаганликда айблаб келмоқда. Ҳозирда вазият шундай ривожланмоқдаки, Афғонистон сиёсий майдонидаги барча ташқи ўйинчилар, шу жумладан Покистон ҳам музокара жараёнини бошлашдан ва урушни тўхтатиш учун можаронинг ҳар икки томонига керакли ёрдамни кўрсатишдан манфаатдор.

— Афғонистонда «Толибон»  ҳаракати таъсирининг ортиб боришига Марказий Осиё давлатлари, хусусан, биз учун таҳдид деб қараш керакми?

— Илгари Марказий Осиё давлатлари, жумладан Ўзбекистонда Афғонистонга нисбатан хавфсизликка таҳдид омили сифатида қараш мавжуд эди. Аммо ҳозирги кунда бу мамлакатни стратегик имкониятлар манбаи ва қўшни шерик давлат сифатида эътироф этмоқдамиз. Ҳозирги кунда «Толибон» ҳаракати халқаро ҳамжамият томонидан ҳам афғон жамиятининг бир бўлаги сифатида тан олинмоқда. Шу нуқтаи назардан келажакда афғонлараро музокаралар янги ҳукумат ташкил этилишига йўл очиб беради. Бу эса таҳдидлар кўламининг камайишига, шу жумладан, терроризм, наркобизнес ва ноқонуний қурол-яроғ савдоси айланишига қарши курашиш имкониятини яратиб беради.

—  2001 йилда АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари келишидан аввалги ва ҳозирги Афғонистоннинг ҳарбий, сиёсий, ижтимоий ҳолатини қандай баҳолайсиз? Коалициянинг эришган ютуқлари нималардан иборат, деб ҳисоблайсиз?

— 2001 йилгача «Толибон» ҳокимияти пайтида Афғонистонда ижтимоий-иқтисодий ҳолат мураккаб эди ва бу ҳаракат бошқаруви халқаро ҳамжамият томонидан кескин танқидга дуч келганди. 2001 йилда АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари кириб келиши билан Афғонистонда давлатчиликнинг демократик усуллари қарор топа бошлади. Хусусан, Афғонистонда ўтиш ҳукумати ташкил этилиб, унда турли этник озчилик гуруҳлари ва аёллар ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳисобга олина бошланди. Энг асосийси, Афғонистондан «Ал Қоида» сингари халқаро террористик кучлар чекина бошлади. Буни халқаро коалициянинг эришган ютуқлари сифатида баҳолашимиз мумкин. Афсуски, ҳозирда расмий Кобул ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида кечаётган жанг ҳаракатлари Афғонистон ҳарбий, ижтимоий-сиёсий вазиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан, Афғонистондаги ҳозирги ижтимоий-сиёсий вазиятни кескин деб баҳолаш мумкин.

— Яқин келажакда Афғонистондаги вазият қайси томонга ўзгариши мумкин? Ҳудудий бўлиниш, фуқаролар уруши ёки тинчлик?  Агар тинчлик ўрнатилса, бу қайси асосларга қурилиши мумкин?

— Агарда ҳозирги жанглар тўхтамаса, бу ҳолат Афғонистон ва қўшни давлатлар учун қатор салбий оқибатларга олиб келадиган фуқаролар уруши давом этишига олиб келиши мумкин. Уруш давом этса, муаммо этник ва диний хусусиятга эга бўлган бўлинишга олиб бориши мумкин. Агар тинчлик бўйича афғонлараро музокаралар ўрнатилса, унда расмий Кобул, толиблар ва мамлакатнинг асосий этник гуруҳлар ва дин вакиллари иштирокида коалицион/инклюзив ҳукумат тузиши зарур бўлади.

— Афғонистон президенти Ашраф Ғани TOLOnews телеканалига берган интервьюсида 3 ой очида «Толибон» ҳаракати мағлуб этилишига ва мамлакатдаги вазият ўнгланишига ваъда берди. Сизнингча, ҳозирги вазиятда президент Ғанининг ваъдаси қанчалик ҳақиқатга мос?

— Бизнинг фикримизча, ҳозирги Афғонистон ҳукумати жанг ҳаракатлари олиб бориш ўрнига музокаралар жараёни ва тинчлик ҳаракатларини бошласа Афғонистон халқи хоҳиш-иродаси ва истакларига ҳамоҳанг бўлади. Афғонистон муаммосини ҳал этишнинг ягона йўли тинчлик ва музокаралар йўли ҳисобланади. Шу жиҳатдан, халқаро ҳамжамиятнинг барча саъй-ҳаракатлари шунга қаратилган. Айниқса, бу борада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда ташкил этилган «Марказий ва Жанубий Осиё: ўзаро минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзуидаги халқаро конференция ҳам Афғонистонда тинчлик ҳаракатларини илгари силжитишга туртки беради. Агар афғон заминида тинчлик ўрнатилса, Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўзаро боғланиб, бу ўз навбатида Афғонистоннинг иқтисодий-ижтимоий барқарорлашуви ва иккала минтақани боғловчи тарихий кўприк сифатидаги мақоми қайта тикланишига олиб келади.

— Фикрларингиз учун раҳмат.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Top